Туркий давлатлар қишлоқ хўжалик вазирлари Самарқандда

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хожаев ҳамроҳлигида Самарқандга ташриф буюрди.

Самарқанд темирйўл вокзалида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари - Инам Каримов (Озарбайжон), Ербол Карашукеев (Қозоғистон), Аскарбек Жанибеков (Қирғиз Республикаси), Вахит Киришчи (Туркия)ни вилоят ҳокими Э.Турдимов кутиб олди. Шу ернинг ўзида вилоят ҳокимининг меҳмонлар билан қисқа учрашуви ўтказилди.

Учрашувда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар соҳада улкан имкониятларни очиши таъкидланди.

Шунингдек, меҳмонларга Самарқанд вилоятининг мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида тутган ўрни, салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Ўз навбатида меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, нафақат тарихийлиги ва бой маданий мероси, балки улкан иқтисодий салоҳияти билан дунёга машҳур Самарқандда бўлиб турганликларидан мамнун эканлигини билдиришди.

- Биз Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирларининг Тошкентда ўтаётган тадбирларида иштирок этиб, Ўзбекистон, жаҳон тарихида маданий алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳаларида ўзига хос марказ бўлган қадим Самарқанд шаҳри билан танишганимиздан мамнунмиз, - деди Озарбайжон қишлоқ хўжалик вазири Инам Каримов. – Биз тарихий обидалар, азиз қадамжоларда бўлиб, ўзбек халқининг бой маданий мероси, дунё илм-маърифатига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаган, мангу қўним топган масканларда бўлиб, уларнинг ҳаёти, фаолияти ҳақида эшитмаган, билмаган маълумотларга эга бўлдик. Умуман, бу муборак заминда бўлиб турганимиз бизга ўзгача руҳ берди. Ўйлайманки, ўзаро ҳамкорлик борасида бошланган янги босқичдаги ишларимиз албатта ўз самарасини бериб, бирдамликдаги лойиҳаларимиз ҳар томонлама давлатларимизнинг тараққиётига хизмат қилади.

Меҳмонлар учрашувдан сўнг Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Имом Мотуридий, Шоҳи Зинда, Мирзо Улуғбек мажмуалари, "Конигил" туризм қишлоғи, Махдуми Аъзам зиёратгоҳи каби халқимизнинг бой маданий мероси, улкан салоҳиятидан сўзловчи азиз қадамжолар билан танишди.

Алишер Исроилов.