ЛНР раҳбари Донбассда "ҳақиқий фуқаролар уруши" бораётганини айтди

Украинадаги можаро "ҳақиқий фуқаролар уруши"дир, бу ҳақда баралла айтиш керак, деди Луганск Халқ Республикаси (ЛНР) раҳбари Леонид Пасечник РИА Новости билан суҳбатда.

"Аслида, бу ҳақиқий фуқаролар уруши ва бу ҳақда жар солишга арзийди. Менимча, уни бошқача кўриб чиқиш мутлақо мумкин эмас, чунки умуман олганда, худди ўша Минск де-юре (қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган) келишувларига биноан биз бугун Украина фуқаросимиз, яъни Украинанинг қуролли кучлари ўз фуқароларини ўққа тутмоқда, чунки биз Украина раҳбарлигига ноқонуний йўл билан келган сиёсий ҳукумат тиқиштирмоқчи бўлган сиёсатга рози бўлмадик", деди Пасечник.

Маълумки, 2014 йил апрель ойида Украина ҳукумати февраль ойида мамлакатда содир бўлган давлат тўнтаришидан кейин ўз мустақиллигини эълон қилган ЛНР ва ДПР (Донецк халқ республикаси)га қарши ҳарбий операция бошлади. БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, қарийб 13 минг киши можаро қурбонига айланди.

Донбассдаги вазиятни ҳал қилиш масаласи, жумладан, 2014 йил сентябридан буён давом этаётган можарони деэскаляциялашга қаратилган қадамни тартибга солувчи учта ҳужжат қабул қилинган алоқа гуруҳининг Минскдаги учрашувларида муҳокама қилинмоқда. Бироқ, можаро иштирокчилари ўртасида ярашув битимларидан кейин ҳам отишмалар давом этмоқда.