“Лолазор” учун муштлашганлар
“Китоб дўконига “Лолазор” келганмиш!”. Ана бўларкан-у, қўлимни оёғимга олиб, кечирасиз, шошганимдан адашиб кетдим-а, оёғимни қўлимга олиб китоб дўконига чопдим. Афсус, тугаб қолибди. Неча йилдан бери излаганим, бир замонлар талабаликда ўқиганим, китоб жавонимнинг энг тепасида туришини истаганим - “Лолазор” яна насиб қилмади.
- Наҳот, тугади... Балки битта ярим қолгандир, - дедим умид билан. Сотувчи қиз менинг ҳолатимга ҳайрон бўлди ва деди:
- Яна “заказ” қилганмиз, келади.
- Келса-ю, яна шу аҳвол бўлса-чи?! Кеч қолсам-чи?! - хавотиримни айтишдан тортинмадим.
- Сиз учун битта олиб қўяман, хабар олиб туринг! - деди қиз.
Нақ икки ойча хабар олиб турдим. Ҳар ўтганимда сўрайман. Кейинги боришларимда сўрамасам ҳам “Лолазор” келмади” дейдиган бўлишди. Ишқилиб китоб дўкони ходималари менга “Лолазор” деган лақаб қўйишмасин-да. Балки орқаворотдан шундай дейишаётгандир, дебам ўйладим.
Яна бир эътиборли жиҳатга тўхталмасам бўлмайди. Ҳар китоб дўконга кирганимда қуруқ чиқмадим. Бир-икки китоб кўтариб чиқаман. Китоб жавоним ҳам тўлишиб, чиройли кўринишга эга бўлди.
Кеча дўконга кирсам, не кўз билан кўрайки, “Лолазор”нинг беш-олтитаси турибди. Кўзларимга ишонмадим. Шартта иккитасини бағримга босдим-у пулини тўлашга ошиқдим.
- Вой, сиз ҳам “Лолазор”ни жуфт олдингизми? – деди сотувчи қиз.
- Ҳа, бу ёмонми? – дедим. – Учтадан олиш керакмиди? Бундай бўлса яна битта олганим бўлсин.
- Йўқ, сиз тўғри тушунинг. Бу китоб ўтган куни келган эди. Ким келса, “Лолазор”дан иккитадан олиб кетишяпти. Дўконимиз очилганидан бери ҳеч қайси китоб бу даражада сотилмаган эди, - изоҳлади у шоша-пиша.
- Жуда ажойиб-ку. Мен аниқ ишонаман. Бу китоб бунга муносиб, - дедим ишонч билан унга.
Ишхонамга келдим-у, узоқ кутган китобимни ўқишга шўнғиб кетдим...
Шу ўринда китоб ҳақида сизга ёлғон, менга чин, бир воқеани айтиб бераман: талабалигимизда бир ҳамхона курсдошимиз “Лолазор”ни бошига ёстиқ қилиб ётарди. Тавба, дастурхон бошидаям шу китоб. Бўш қолса, “Лолазор, лолазор” деган қўшиқ айтади. “Ҳой инсон, бунча ёпишиб олдинг, бер қани, биз ҳам мундоқ ўқийлик”, десам, ушлаб кўришга-да қўймайди, жуда ғалати.
Қизиқишим ортиб, у ухлаганда, бирор жойга чиққанда, беш-ўн варағини ўқийман. Қайдандир келади-ю, шартта тортиб олиб қўяди. “Зарур бўлса топиб ўқи, лекин бунга қўл текизма!”. Билишимча, шу йигитча, “Лолазор”нинг анчагина қисмини ёдлаб ҳам олган эди. Баъзида ундан монолог ҳам ўқиб қоларди.
Хуллас, бўлмади, вилоят кутубхонасига бориб, таниш опаларга ялина-ялина ўқилаверганидан титилиб кетган “Лолазор”ни олиб келиб ўқидим. Тугатмагунча “энби” тушсаям дарсга бормасдан ўқийвердим-ўқийвердим. Баъзи саҳифаларини қайта-қайта ўқидим.
Кейин ҳалиги курсдошимга айтдимки: “Энди икковимиз тенгмиз” деб. У мудом бизни масхара қилардики, “сенлар ҳам юрибсизлар, “Лолазор”ни ўқимай!”. Биз мулзам бўлгандек бўлардик ўша пайтда.
Севимли ёзувчимиз Мурод Муҳаммад Дўстга чандон ҳавас қилдим. Шу китобни деб ёқалашишгача борганларни-да кўрдим. Бундан ортиқ ёзувчига не керак, биродарлар! “Шундай асар ёзсангки, китобхон уни ўқиётганида ҳамма нарсани унутса, асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Китобни ўқиб бўлган куни кечаси билан ухламай, тўлғониб чиқса… Вақти келиб ўша китобни яна қўлига олганида қайтадан ҳаяжонга тушса… Орзум шу...”, - деб ёзган эди устоз адиб Ўткир Ҳошимов. Не ажабки, бу бахт Мурод Муҳаммад Дўстга минг бора насиб этди, десам янглишмаган бўламан.
Кези келганда айтиш лозим, мутолаа қилиш бахтига бизни озми-кўпми мушарраф этган беҳад заҳматкаш ва меҳнаткаш барчамизнинг дўстимиз Давронбек Тожиалиевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Азбаройи китобга муҳаббати учун жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Бу йигитнинг саъй-ҳаракати билан кўплаб топиш мушкул бўлган нодир китоблар электрон кўринишда “ziyo.uz” сайтидан жой олди. Ҳатто, “Лолазор” ҳам.
Аммо биз каби китобни суйганларга электрон тарзда ўқиш анча мушкул савдо. Уч-тўрт саҳифани ўқигунча “дод” дейишгача борасан, киши. Лекин электрон шаклининг борига шукур. Буям бир имконият-да, аслида.
Узр, кўп гапириб юбордим, вақтим камроқ эди, “Лолазор”ни ўқиётган эдим...
Дўстбек Сулаймонов.