Лю Болин - кўринмас одам

Хитойлик рассом ва ҳайкалтарош Лю Болин ўзини атрофдаги муҳитга яширишга ишқибоз ва у бор маҳоратини ишга солиб, вазифасини зўр иштиёқ билан бажаради. Лю шогирдлари ёрдамида ўзини иложи борича фонга аралашадиган тарзда бўяйди. Ҳар бир саҳна 10 соатгача давом этади, шундан сўнг ҳатто ўткинчи ҳам уни фарқлай олмайди - фотосуратлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Лю Марказий тасвирий санъат академиясининг ҳайкалтарошлик бўлимини тамомлаган, кўплаб шахсий ва жамоавий кўргазмалар ўтказган, Пекинда яшайди ва ишлайди. Унинг асарлари аллақачон дунёда яхши танилган ва тан олинган.

Лю Болин ўз ишида турли жанр ва техникаларни, жумладан, ҳайкалтарошлик, ижрочилик санъати ва фотографияни мужассам этади. У ўз асарлари билан замонавий ҳамжамиятнинг муҳим муаммоларига, Хитой ва бошқа дунё давлатларининг сиёсий қарама-қаршиликларига мурожаат қилади.

Бир қарашда, Болин фаолияти натижаси - фотосуратлар ғайриоддий манзараларни тасвирлаётгандек туюлиши мумкин, баъзи ландшафтлар осонгина танилади, бошқалари эса йўқ. Диққат билан қарасангиз, ҳар бир фотосуратда тик турган одамнинг контурини кўришингиз мумкин. Бу жуссани нимадир безовта қилади, у саволлар туғдиради: Бу одам  нима қиляпти? Унинг объект билан бирлашуви нимани англатади? Нима мақсадда у ўзини бу манзарага киритган?

Албатта, бу жуссалар Лю Болиннинг ўзи, у “йўқ бўлиб қолиб”, “кўринмас одам”га айланади. “Шаҳарда йўқолиб қолмоқ” суратлар серияси яратилишида 2005 йилдаги воқеалар туртки бўлди, ўшанда маҳаллий ҳукумат Пекиндаги “Суо Жия Канг” халқаро санъат лагерини вайрон қилган эди. Бошқа кўплаб мўйқаламлар қатори гуруҳ аъзоси Лю Болин ҳам ўз устахонасини йўқотди. У ўнлаб ватандошлари каби ижод уйининг асоссиз вайрон қилинганига норозилик билдиришни ўзининг бурчи деб билди. Хитойда норозиликнинг айрим шакллари тақиқланган ва ушбу вазият рассом фикрларини ифода этишнинг ўзига хос усулларини ишлаб чиқишга ундади.

Кўпинча, орқа фон жамиятнинг долзарб муаммолари ҳақида бирор бир нарса айтиш учун танланади.

Танланган жой хоҳ сиёсат, хоҳ экология, маданият ва ҳоказолар бўлсин, аниқлик билан муайян ишораларга мурожаат қилиши керак... Орқа фон муҳим маълумотларни тақдим этади. Можаро менинг танам шу фонда йўқолганида пайдо бўлади - бу менинг нуқтаи назаримдаги жамиятнинг аксидир ", - дейди Лю Болин.

Бундан ташқари, Лю ўз асарларида экология ва глобал иссиқлик масалаларини рассом ва томошабинга қандай таъсир қилишини тушунтирмоқчи бўлади.

Назаримда, замонавий жамиятда инсон аҳамияти доимо йўқ бўлиб кетаётгандек. Турмуш шароити яхшиланаётганига қарамай, одамлар тез ривожланаётган оқимда ўзларини ўзи йўқ қиляпти. Ҳайратланарли қарама-қаршилик, шундай эмасми?! Мен турли бўшлиқларда ғойиб бўлиб, одамларга ҳар бир одам ўз ўрнига эга эканлигини етказишни танлайман”, таъкидлайди Лю.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.