Любинко Друлович: Эртага биз ўз ўйинимизни кўрсатишимиз ва Саудиядан яхшироқ эканимизни исботлашимиз керак
Осиё чемпионати-U23 ярим финалидан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони жамоалари ўртасидаги ўйиндан аввал ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қатнашган Ўзбекистон бош мураббийи Любинко Друлович жамоаси Саудиядан кучлироқ эканини исботлаши кераклигини айтди, дейди Tribuna.uz
«Бизни кучли жамоага қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Рақиб тезкор футболчиларга эга жисмоний жиҳатдан яхши жамоа. Биз рақибдан бир кун камроқ дам оляпмиз, аммо шифокор билан гаплашганимда у футболчиларнинг ҳолати яхши эканини айтди. Бизда ҳаммаси жойида.
Ўтган ўйин натижа йирик бўлса ҳам биз учун осон кечмади. Мен футболчиларимнинг даражасига ишонаман. Улар ўзларининг энг яхши ҳолатига чиқиб боришмоқда. Шу ўринда эртага унчалик кўп гол бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин.
Доим бир хил футболчиларнинг асосий таркибда ўйнаётгани имкониятларимизни пасайтирмайди деб ўйлайман. Эртага имкониятлар тенг. Олимпиадага чиқмасак нима бўлади? Мен ҳозир фақат яхши нарсалар ҳақида ўйлаяпман. Ҳа, футбол қизиқ ўйин, унда кўп нарсаларни ҳис қилиш мумкин. Аммо мен ҳозир эртага Саудия билан яхши ўйнаш ҳақидагина ўйлаяпман, холос. Биз Ўзбекистон учун тарих яратиш арафасида турибмиз.
Миллий жамоанинг Саудияга мағлуб бўлганини футболчиларга айтдимми? Йўқ. Эртага асосийси биз ўз ўйинимизни кўрсатишимиз ва Саудиядан яхшироқ эканимизни исботлашимиз керак».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони жамоалари ўртасидаги яримфинал ўйини эртага, 22 январь куни Тошкент вақти билан 15:15 да «Ражамангала» стадионида ўтказилади.