Маданий мерос объектларини авайлаб асрашда янгича ёндашув ва муносабат шаклланяпти

Самарқанд шаҳри бугун турли соҳаларда халқаро тадбирларга мезбонлик қиляпти. Бунда албатта, шаҳарнинг бой тарихи, қадимий маданий мероси катта ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, мавжуд маданий мерос объектларини авайлаб асраш, уларни таъмирлаш ва пардозлаш жиддий эътибор ва масъулият талаб қилади.

Вилоят матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжумани айни шу масалаларга бағишланди.

Унда мутасаддилар оммавий ахборот воситалари вакилларига соҳада амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида бажариладиган вазифалар юзасидан маълумот берди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари – туризм ва маданий мерос бош бошқармаси раҳбари Рустам Қобилов сўнгги йилларда маданий мерос объектларини авайлаб асраш борасида янги босқич ва ёндашув, янгича муносабат шаклланганини таъкидлади. 

- Бугунги кунда вилоятимизда моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи катта, - деди Р.Қобилов. – Аммо шу билан бирга ушбу муҳофаза объектларига эътиборсизлик ҳолатлар ҳам учраб турибди. Олиб борилган ўрганиш ва чора-тадбирлар натижасида бу каби ҳолатларнинг олди олиняпти.

Матбуот анжуманида вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Б.Шайматов нафақат Самарқанд шаҳрида, чекка ҳудудларда ҳам маданий мерос объектларига эътибор қаратилаётгани, уларни таъмирлаш ишлари бўйича чора-тадбирлар белгиланганини таъкидлади.  

Жумладан, жорий йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашида маъқулланган лойиҳа асосида “Самарқанд - маданиятлар чорраҳаси” объекти ҳудудида жойлашган Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда ва Бибихоним мажмуалари, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Оқсарой, Хўжа Дониёр мақбараси, Руҳобод мажмуаси, Ашратхона мақбараси, Чорсу савдо гумбази ва Қўшҳовуз масжидларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида вилоятда маданият соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Ш.Эшонқулов маълумот берди.

Бугунги кунда бошқарма тасарруфида 79 та маданият марказлари, 1 та Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби, 32 та Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, 4 та театр ва 16 та шаҳар ва туман маданият бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мавжуд маданият марказларида 33 хилдаги 511 та тўгарак ташкил этилган бўлиб, мазкур тўгаракларда 5 минг 634 нафар иштирокчи жумладан, 4 минг 44 нафар 17 ёшгача бўлган ёшлар қамраб олинган. Олис ҳудудлардаги маданият марказларида, болалар мусиқа ва санъат мактабларида атоқли ижодкор-зиёлилар, аҳоли орасида юксак ҳурматга эга санъат ва ижод вакиллари томонидан турли учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил қилиниб келинмоқда.

Сулаймон Мардиев.