Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маданият бўлимига автобус берилди, энди 25 миллион сўмлик овоз кучайтириш мосламалари ҳам келтирилади

28 май куни zarnews.uz сайти ҳамда “Зарафшон” газетасининг 29 май 63-сонида “Қўшработ “маданият”и қачон ривожланади?” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинди. Унда асосий байрамларимиз бўлмаса туман маданият бўлимининг ўрни сезилмаслиги, тадбирлар давомида овоз кучайтиргич мосламалари муаммоли вазиятларга тушиб қолиши ҳақида сўз юритилган.

Ҳақиқатан ҳам, туман маданият бўлими моддий техника базаси кўнгилдагидек эмаслиги, биноларнинг эскилиги, малакали мутахассисларнинг етишмаслиги сабабли муаммолар мавжуд. Кейинги пайтларда уларни босқичма-босқич бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Мақола орқали кўтарилган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида туман маданият бўлимида йиғилиш ўтказилиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, ўтказиладиган тадбирларда мусиқа асбоблари, асосан, овоз кучайтиргич мосламаларининг техник ҳолатлари кўздан кечирилиши, тадбирларни сифатли ўтказишга тўлиқ риоя қилиниши талаб қилинди. Масъулиятни ҳис қилмайдиган ходимларга интизомий чоралар кўрилиши айтилди.

Тадбирлар давомида маданият ходимларининг кийиниш ҳамда муомала маданияти талабларини бузмасдан аҳоли, асосан, ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқаришида мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар, барҳаёт анъаналарни ўзида мужассам этган дастурларни тайёрлаш муҳим эканлиги таъкидланди. Бунинг учун тажрибали устозлар кўмагидан фойдаланиб, истеъдодли ёшларга имконият яратиш мақсад қилинган.

Президентимиз ташаббуси билан олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида туманимиздан И.Бобоқулов ҳамда Д.Ғаниевалар Ўзбекистон маданият ва санъат институтига ўқишга тавсия қилиниб, бугунги кунда сиртқи таълим йўналишида таҳсил оляпти. Уларнинг ўқишлари учун шартнома тўловлари кўчириб берилган.

Ходимларнинг чекка маҳаллаларда тадбирлар ўтказишларига қулайлик яратиш мақсадида бўлимга яқинда автобус берилди.

Шунингдек, овоз кучайтириш мосламалари учун бюджет маблағлари ҳисобидан 25 миллион сўм ажратилди.

Қўшработ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.