Маданият ривожида “Самарқанд тажрибаси” қандай бўлиши керак?

Аввал кўпам эътибор қилмасдим, кейинги вақтларда кузатиб боряпман. Тўй базмлари бошда миллий мусиқаларимиз, залворли қўшиқлар билан бошланади. Бироз «қизишиб» олгандан кейин эса у қандай кўриниш олиши барчага аён.

Биргина шу мисолнинг ўзидан одамларимиз тийнатида маданият ҳамон уфуриб турганлигини, уларда ҳақиқий санъатга хайрихоҳлик борлигини илғаш мумкин. Аксинча бўлганида тўй кечаларида дурдона асарлар янграмаган, йиғилганлар уни жўр бўлиб куйламаган бўларди...

Шу кунларда хаёлимни банд қилган бу ўйга жамоатчилик орасида тарқалган бир гап ҳамоҳанг бўлиб, қўлимга қалам олишга ундади: маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришда «Самарқанд тажрибаси» бўларкан...

Инсоният тарихида ҳар қандай миллат асрлар давомида шаклланган ва давр синовларидан ўтган миллий-маънавий қадриятлари, маданияти ва тарихий хотираси билан яшасагина мангуликка дахлдор бўлишига далиллар кўп. Хусусан, юртимиз ўтмиши ҳам бунга ёрқин мисол бўлади. Шубҳа йўқки, халқимизнинг буюк давлатчилик тарихи, урф-одат ва анъаналари, дунё тамаддуни ривожида муносиб ҳиссаси, жаҳон ҳамжамияти эътироф этадиган миллий хусусиятлари ва маданияти бор. Янги Ўзбекистон олдида турган вазифалар ичида бу улуғ мақомни юксак поғонага кўтариш, халқимизнинг интеллектуал даражасини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.

Зотан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017-йил маданият ва санъат соҳаси раҳбарлари билан учрашувда шундай таъкидлаган эди: «Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак: мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият - бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни, аввало, миллий маданиятимизни ривожлантиришимиздан бошлашимиз лозим».

Англаганингиздек, миллий маданиятимизни ривожлантириш давлат сиёстида доим кун тартибида бўлиб келмоқда. Энди бу борада Самарқанд консепциясини яратиш, уни амалга ошириш вазифаси қўйилмоқда. Демак, энди жамоатчилик, хусусан, зиёлилар уюшиб, жон койитиб, маданиятнинг барча йўналишлари — моддий ва номоддий маданий мерос, музейлар, театр ва кино, миллий мусиқа, эстрада, тасвирий ва амалий санъатлар, маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказлари соҳаларида ўзгаришлар қилиш, натижага эришиш керак.

Бу борада дастлаб айрим фаолларнинг фикрлар билан бўлишсак.

- Бир пайтлар мусиқа билим юртида ўқиш жараёни 4 йил эди, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров. – Таълим дастурида мусиқий фанлар устувор эди. Шунинг учун тўлақонли мутахассислар етишиб чиқарди. Консерваторияда 5 йил ўқитиларди.

Ўша дастурни имкон қадар қайтариш керак. Бу эски мустабид тузумни қайтариш дегани эмас. Яхши мутахассис тайёрлаш вақтни талаб қилади. Санъаткор тайёрлашни ғишт терувчи тайёрлаш билан тенглаштириш керак эмас.

Ҳатто институтлар мусиқа факультетларидаги талабаларга тригонометрия, биология, жисмоний тарбия, тарих, психология ва яна бир неча фанлар мутахассислик фанларидан устун қўйилган. Имтиҳон даврида умумтаълим фани домлалари талабаларни мутахассислик фанларидан бўладиган имтиҳонларга юбормай қўйган ҳолатлар кузатилмоқда. Ўйланиб қоласан, ўқишни тамомлаган йигит-қизлар бу фанлардан дарс бермайдику!

Айтмоқчи – бўлганим, энг аввало, олий ўқув юртларининг санъатга оид факультетларида мутахассис тайёлашнинг бугунги аҳволи чуқур таҳлил қилиниб, тўғри ечим топилиши шарт.

Самарқанд азалдан илм-фан билан бирга мусиқа, чолғу ва хонандалик ривожланган улуғ маскан. Ўша даврдаги ҳолатни тиклаш, мусиқа ва санъатни қайта тарғиб қилиб, етук мутахассислар чиқиши учун мақом институти ёки Маданият институтининг Самарқанд филиалини очиш керак.

1923-1929-йиллари фаолият кўрсатган мусиқа ва хореография олийгоҳи ҳақидаги  ҳужжатлар ҳам вилоят архивида сақланиб қолмаган. Шу туфайли мақом санъатининг дунё юзини кўришига хизмат қилган Самарқанд санъати тарихи мавҳум бўлиб қолган. Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, бухоролик кўпгина етук хонанда ва созандалар, Дони Зокиров, Толибжон Содиқов, Сайфи Жалил, Набижон Ҳасанов, хоразмлик устоз санъаткорлардан кўпчилиги ўша даврда шу ўқув даргоҳида таълим олиб, кейинчалик шу даргоҳда ишлаб, миллий санъат нуфузини кўтаришга ҳисса қўшишган.

Мавжуд таълим масканларида тажрибали устозлар иштирокида маҳорат дарсларини кўпайтириш аҳамиятли. Устоз-шогирд анъаналарини пухтароқ ўйлаб, давом эттириш лозим.

Вилоят телевидениясида мумтоз санъатнинг халқимиз орасида нуфузини ошириш учун етук, ҳа, айнан етук устозлар иштирокида жонли кўрсатувлар, мунтазам дастурлар ташкил этиш керак. Бу жараёнда тўй санъаткорларидан воз кечиш муҳим ва зарур. «Яхши айтади, бақириб айтади, фалончини ашуласини зўр айтади», деб уларни эфирга чиқармаслик, бўлар-бўлмас санъат корчалонларидан воз кечиш керак. Бунинг учун ҳақиқий билимдон мутахассисларга, иқтидорларга таяниш керак.

Умуман, шоирлар ва санъаткорлар ҳамкорлигидаги кўрсатувларни тайёрлаб, эфирга бериш фақатгина маданият ривожига хизмат қилади. Қани энди телевиденияда шоир, бастакор, хонанда ва санъаткорлар иштирокида доимий кўрсатувлар қилинса.

Бундан ташқари, коллеж ва олий ўқув юртлари талабаларини фақат синфга қамаб ўтирмасдан, мактаблар, олийгоҳлар, маҳаллалардаги омма орасида ўқув концертларини ташкил этиб, мақом, мумтоз санъатни халқ ичида кенг тарғиб қилиш мумкин. Ўз навбатида амалий концертлар талабаларнинг ҳақиқий мутахассис бўлиб етишишлари учун туртки бўлиб хизмат қилади.

- Маданият муассасалари ҳар чоракда камида иккита маҳаллада ҳисобот бериши керак, менимча, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. - Бунда ўрганилган янги куй, яратилган янги қўшиқ, рақс, монолог ижро этилади. Айримларини йиғилганлар билан бирга ижро этиш керак. Намунали оила, фидойи одамларга бағишловлар ташкил қилиш ҳам мумкин.

Буни маданият муассасаси ходимлари маҳалла бешлиги билан ташкил қилса бўлади. Учрашув, мулоқот тарзидаги бу тадбирлар ҳаваскорларни ҳам ижрога ўргатади. Бу ўз навбатида ихчам танловлар, викторина уюштиришга ҳам йўл очади.

Таклифларни айтяпмизку, аммо у амалга ошармикан, деган ҳадик бор. Чунки ижрога қолганда одам топилмайди. Шу боис менимча, корхона ва ташкилотларда «Ҳурмат тахтаси» ёки «Бизнинг фидойилар» панносини ташкил қилиш керак. Токи, яхши ишлаётган, фаоллик билан меҳнат қилаётганларни нафақат жамоа, бу ерга келганлар ҳам билсин. Бундан ўша ходим рағбат олади. Ҳеч бўлмаганда, жамоада профессионаллар танловини ўтказиш мумкин. Чунки касбий маданият маъруза билан сингдирилмайди.

Дарвоқе, йирик корхона, ташкилотларда хориждаги каби соҳа тарихи музейлари ёки бурчакларини яратиш керак. Янги ишга кирган ходим ёки соҳага қизиққан киши бу ерда тизим тарихи ва бугуни ҳақида аниқ тасаввур ва тушунчага эга бўлади.

Умуман, маданият ривожида «Самарқанд тажрибаси» ҳақида гап кетганда, уни театрсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис мавжуд театрларда камида иккита ижодий гуруҳ тузиш керак. Бунда ўзаро соғлом рақобат муҳити пайдо бўлади.

Бугунги воқеликдан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқда «Бир актёр театри» жанрини ривожлантириш керак, деб ўйлайман. Бу орқали аҳолидан, зиёлилардан таклиф, буюртма олиш механизмини ҳам яратиш мумкин. Натижада жамоатчилик истайдиган саҳна асарлари яратилади.

Мусиқа мактаблари бўйича ҳам шунга ўхшаш янгилик қилиш зарурати бор. Улар нега ҳафтанинг беш кунида ихтисослаштирилган томошалар уюштиришмайди? Масалан, душанба мақом кечаси, сешанба рақс кечаси, чоршанба миллий қўшиқлар ва ҳоказо. Бу тадбирларга ота-оналар, маҳалла фаолларини таклиф этиш керак. Тингловчи ўрганади, ёнидагиларни ҳам олиб келади. Бундан эса ҳар икки томон ҳам ютади.

Фикримча, маданият биринчи навбатда истироҳат боғларида яққол кўзга ташланади. Шу сабаб аввало, боғларда ўтирғичларни кўпайтириш керак. Селфилар учун суратга тушадиган жойларни уюштириш керак. Чет элда шунақа.

Истироҳат боғлари яқинида ошхоналар бўлмаслиги керак. Айниқса, спиртли ичимликларни бутунлай таъқиқлаш зарур. Шахмат, шашка, теннис ўйнайдиган, битта асбобда мусиқа чалиб турадиган жойлар очиш керак.

- Одамларнинг фаровонлиги ошиб, муҳтожлиги камаймоқда ва мос равишда оқибат ҳам сусайиб бормоқда, назаримда, - дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Мамаюнус Пардаев. - Шу туфайли ҳар бир ҳудудда маданият ва маънавият масканлари барпо қилиниши керак. Бунда узлуксиз равишда тарбиявий аҳамиятга молик тадбирлар ўтказиб борилиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Ўзбекистонда адабиёт, маданият, санъат, илм-фан соҳаси етук намояндаларининг таваллуд саналарини кенг миқёсда нишонлаш белгиланган. Савол туғилади, нега шу ишни Самарқандда ўтказиш мумкин эмас? Нима, кўҳна кентимизда кўзга кўринган зиёлилар, ўз соҳасининг етук вакиллари чиқмаганми?

Уларнинг бугун орамизда бўлганлари билан учрашувлар, тарбиявий аҳамиятга молик кино ва театрларни намойиш қилиш, китобхонликни йўлга қўйиш ва битта китобни оммавий муҳокама қилиб, унинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиш тадбирларини ўтказиб бориш керак, деб ўйлайман.

Бу ишни маҳаллий ҳокимликлар, маданият бошқармаси билан маҳаллаларда, таълим масканлари, корхона ва ташкилотларда ташкил қилса бўлади.

Айни масала касб маданиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Бу йўналишда ҳар бир касб соҳиби биринчи ўринга ўзини эмас, унга иши тушиб турганларни қўйиши керак. Унинг талабини қондирадиган кўникмага эга бўлиши лозим. Қолаверса, ҳар бир касб бўйича маданият низоми ишлаб чиқилиши керак. Унда албатта, истеъмолчига устуворлик берилиши шарт. Ўз навбатида касбий маданиятга амал қилишни назорат қилиш, муайян вақт оралиғида фаол ва ибратлиларни рағбатлантириб бориш ҳам муҳим.

Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин: ҳар қандай касб эгаси хиёнат ва жиноят бу дунёда қонун олдида, у дунёда Аллоҳ олдида жавобгарликка сабаб бўлишини қалбан ҳис қилиши керак. Бунга эришиш учун корхона ва ташкилотларда муайян вақт оралиғида тарбиявий тадбирларни ташкил қилиш мумкин.

Дарвоқе, театр санъати ҳақида гап кетганда, у энди йўқолади, дейилган гап-сўзлар болалаб қолганди. Лекин кўрдикки, тарбиявий аҳамияти, жамиятга таъсири ўлароқ у бардавом. Демак, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” мавзусига яқин бўлган тарбиявий аҳамиятга молик спектакльларни кўпайтириш лозим. Шу йўналишдаги турли ижодкорларни бирлаштириш мақсадга мувофиқ.

Бу ишда албатта, маданият бошқармаси масъуллари, театр жамоаси ва бошқа тегишли ташкилотларнинг фаоллиги талаб этилади.

Рост, маданият соҳаси вакиллари енгинг шимариб ишлашларига тўғри келади. Мисол учун, номоддий маданий мерос - бахшичилик, халқ оғзаки ижодининг бошқа йўналишларини тиклаш ва уларни сайёҳларга намойиш қилишни йўлга қўйиш керак. Бу бир томондан, туризм ривожига хизмат қилса, иккинчи томондан, ижодий жамоаларни ўз устида ишлашлари, изланишлари учун туртки бўларди.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, куй-қўшиқ ижрочилари бўйича ўрин таклифлар билдирилди. Бунга қўшимча сифатида айтиш мумкинки, номоддий маданий мерос бўйича, шу жумладан, рақс санъати бўйича мутахассислар тайёрлаш эътибордан четда қолаётгандек, назаримда.

- Инсон ҳаётининг барча соҳалари – иқтисод, сиёсат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ёки таълим соҳаси бўлсин, уларнинг барчаси миллий маданият комиллигига таянади, - дейди Самарқанд давлат университети профессори Суюн Каримов. -  Театр санъати эса асрлар давомида инсонларни тарбияловчи, маънавиятини шакллантирувчи қудратли восита ҳисобланиб келган. Шу сабабли саҳна санъати мавқеини янада ошириш, моддий-техник базасини замон талаблари даражасида такомиллаштириш, замонавий биноларни қуриб фойдаланишга топшириш бўйича давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Бир қарашда соҳада муаммо йўқдек. Лекин катта театр бўлгани билан замонга мос песалар борми, деган савол туғилади. Самарқанднинг ўзида қанча драматург бор? Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими шу ҳақда бош қотириши, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳаваскорлар ўртасида танловлар ташкил қилиши керак эмасми?

Бу иш ҳам бўлди, дейлик. Спектакльга томошабин келишини кутиши шартми? Нега масс-медиада янги саҳналаштирилган ёки саҳнага чиқарилаётган асар ҳақида бир жумлага гувоҳ бўлмаймиз? Ахир айни замонда рекламасиз, тарғиботсиз ишлаш мумкинми?

Бугунги кунда театр нимаси биландир жамоатчиликни жалб қила оляптими? У бераётган маънавий озуқа нималардан иборат?

Маданиятни ривожлантиришда «Самарқанд тажрибаси» бўлиши керак, деяпмиз. Назаримда, бунга эришиш учун юқоридаги саволларга жавоб топиш керак.

Аслини олганда, ҳаётда маданият ва санъат соҳаси дахлдор бўлмаган касб ёки мутахассисликни топиш қийин. Қурувчи маданиятли бўлса, ўз ишини санъаткорона бажаради. Устоз комилликка эришган бўлса, шогирдларини маънавиятнинг юксак чўққиларига бошлайди.

Шу боис ҳар бир касб этикаси, маданияти бўйича доимий иш столи устида турадиган ва чўнтакка солиб юриш мумкин бўлган ҳажмдаги кичик қўлланмалар яратиш керак. Бу қўлланмаларнинг ҳар бир касб эгаси қўлига етиб боришини ва ҳар йили нашр этилишини йўлга қўйиш зарур. Ходимларни белгиланган муддатларда, айниқса, аттестациядан ўтказишда шу қўлланма асосида имтиҳон қилиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Аслида бу тажриба ривожланган хориж давлатларида қўлланиб келинади. Биз нимагадир бу ишга майда масала сифатида қарашдан воз кечолмаяпмиз.

- Бугун биз Учинчи Ренессансни олдимизга катта мақсад қилиб қўйдик, - дейди Самарқанд давлат университети профессори Фарҳод Набиев. - Бу борадаги ислоҳотларда маданият ва санъат соҳаси ходимлари энг олд сафда бўлиши керак. Тўғрироғи, биринчи галда биз, ўзимиз бу мақсад моҳиятини чуқур англаб олишимиз керак. Фуқароларимизда ҳам жамият ривожида, Уйғониш даврида менинг ҳам ҳиссам бўлиши керак, деган фикрни шакллантира олсак, режаларимиз, интилишларимиз янада тез ва юқори самара бера бошлайди.

Шу боис аввало, ўзимизга савол беришни ўрганишимиз керак. Биз нимани истаяпмиз ўзи? Бизга миллийлик, ўзликни англаш керак бўлмаса, нима керак? Нима бизни асраб қолади? Фақат моддият билан эҳтиёжлар қондирилмаслигини, аксинча, жамиятимиз маданияти менинг, оиламнинг, жамоам ва маҳалламнинг маданияти, маънавият ва маърифатидан ташкил топганини англаяпмизми?

Шу нуқтаи назардан маданиятга дахл қилиш ўзимизга — ёшларимиз келажагига душманлик эканлигини тушуниб олишимиз шарт. Моддият ортидан югуриб, маънавиятни, маданиятни қурбон қилмаслигимиз шарт!

“Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Глобализм деган нарса бор. Тўғри, Европада ҳам Америка филмларига қарши курашамиз, деб кинотеатрларда фақат ўзининг миллий киноларини кўрсатади. Бизда ҳам ўзимизнинг замонавий санъатимиз кучли ривожланиши керак. Киноларимиз ҳақиқий санъат асари даражасига кўтарилиши керак, шунда курашиш мумкин. Таъқиқлаш – бу кураш эмас”.

Хулоса қилишга арзийдиган бу интервью таниқли ижодкор томонидан ББC телеканалига берилган. Сиз эса шошилманг. Чунки шу ўринда яқинда бир танишимнинг куйиниб айтганларини келтиришни лозим топдим. “Қайси лапар ёки бошқа миллий қадриятимизни ижтимоий тармоқда ТОП бўлганини кўргансиз? Ана вайн қиладиганлар хорижликлар ҳам кўриши мумкин бўлган турли санъат асарларимизни, керак бўлса, музейларимиз ва миллий анъаналаримиздан кичик форматдаги видеолар қилишсин. Қаердаги бетайин нарсаларнимас, шунақа иш қилиб, ҳам савоб, ҳам олқиш олсин”.

Рост, энг катта муаммо — миллий маданиятимиз замонавий медиамаконда муносиб ўрин эгалламаганида. Мутасаддилар ахборот-коммуникация технологиялари тўлиқ жорий этилмагани сабаб соҳани халқаро маданий жараёнларга интеграция қилинмаяпти, дейди. Бироқ излаган имкон топади. Юқорида танишим айтгандек, қилиш учун битта қўл телефони етарли. Бу орқали миллий ижодий маҳсулотларни экспорт қилиш тизимини яратиш мумкин.

Хуллас, биз билганимизча қоғоз қораладик. Хўш, айтилганлардан нима хулоса қиламиз, аниқроғи, ким хулоса чиқаради?

Ё.МАРҚАЕВ.