Маданият ходимларининг иши кўпайди, маоши-чи?
Жорий йилнинг март ойида вилоят маданият бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Шундан сўнг тизимда қандай ишлар амалга оширилди, умуман, соҳадаги муаммо ва камчиликлар, келгусидаги режалар ҳақида бошқарма бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов билан суҳбатлашдик.
- Бугунги кунда вилоятда 78 та маданият маркази, 1 та ихтисослаштирилган санъат мактаби, 32 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 4 та театр, “Ўзбекконцерт” вилоят бўлими, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси, “Мақом” намунали халқ ансамбли, 16 та маданият ва истироҳат боғи, кўзи ожизлар кутубхонаси, шаҳар ва туман маданият бўлимлари фаолият кўрсатиб келмоқда, - дейди Ш.Эшонқулов. - Уларда 3452 нафар бошқарув, ижодий ва техник ходимлар ишлайди.
Маданият тизимидаги асосий камчиликлардан бири – бу кадрлар масаласи. Чунки соҳада ходимлар етишмайди, бунинг устига, кадрларнинг 51 фоиздан ортиғи, яъни 1767 нафари ўрта махсус маълумотли. Ушбу муаммони ҳал қилиш ва бошқарма тизимидаги ташкилотларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш бўйича амалий ишларга қўл урилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги “2022-2026 йилларда Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб 2026 йилга қадар маданият ва санъат йўналиши бўйича олий таълим муассасаларига Самарқанд вилояти учун мақсадли (ҳар йили 100 тадан) квоталар ажратиш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда вилоятга 100 нафар мақсадли квота ажратиш таклифи юборилди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг филиалини очиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланяпти ва 2023-2024 ўқув йилида филиални очиш режалаштирилган.
- Кейинги пайтда маданият ходимларининг иши кўпайди, аммо маоши-чи?
- Тўғри, соҳадаги аксарият ходимлар иши кўпайгани, тадбирлардан бўшамаслиги ва маоши камлигидан эътироз билдирарди. Аммо давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикaси Мaдaният вaзирлиги фaолиятини тaкомиллaштириш чорa-тaдбирлaри тўғрисидa”ги қарори мазкур масалага ечим бўлди, дейиш мумкин. Қарорга кўра, маданият вазирлиги марказий аппарати ходимлари ҳамда ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларига кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда ҳар ойда қўшимча пул тўлаш тартиби жорий этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Маданият вазирлиги марказий аппарати ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ, лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти – 1,4 бараварга, ҳудудий маданият бошқармаларида – 1,2 бараварга оширилган миқдорда қўлланиладиган бўлди.
Бунда Маданият вазирлиги, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларини Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш улар фаолиятининг натижадорлиги ва эришилган ютуқларга қараб амалга оширилиши белгилаб берилди.
- Маданият ходимларининг аксарияти норасмий тадбирларга чақирилиб, ҳақ тўланмаётганлигидан нолийди. Бу қанчалик тўғри?
- Бу бор гап. Ташкилотлар томонидан ташкил қилинган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳамда касб байрамларини ўтказишда маданият бўлимига овоз кучайтириш мосламалари, санъаткорлар ва бошловчиларни жалб қилиш вазифаси юкланади. Бу эса маданият ва санъат ходимларининг бошқа ташкилотлар учун бепул хизмат кўрсатишига ва уларнинг ўринли эътирозига сабаб бўлади.
Мазкур ҳолат бўйича Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорида ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча маданий хизматлар ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Ҳозирги кунда барча тадбирларни молиялаштириш, шартнома асосида фаолият юритиш йўлга қўйилган. Мисол учун, ўтган олти ой давомида Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси томонидан 93 миллион сўм маблағ эвазига 30 дан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар ва концерт томошалари ўтказилди.
- Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда маданият соҳасида қандай ишлар амалга оширилди ва йил охиригача нима ўзгаришлар бўлади?
- Бу йил вилоят маданият бошқармаси қошида ёш маданиятчилар ва маданият фахрийлари кенгашлари ташкил этилди. Ушбу кенгашлар ёрдамида маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда давлат театрларига ташрифлар ташкил қилиниб, услубий ёрдам йўлга қўйилди. Шу билан бирга, вилоятимиздан 50 нафарга яқин истеъдод эгалари республика кўрик-танловларида қатнашиб, муносиб ўринларни эгаллади.
Жорий йилнинг сентябрь ойида машҳур бахши Фозил Йўлдош ўғли таваллудининг 150 йиллигини Булунғур туманида кенг нишонлаш ҳамда республика “Ёш бахшилар фестивали”ни ўтказишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, вилоят мусиқали драма театри ва вилоят қўғирчоқ театри биноларида таъмирлаш, Нарпай ва Иштихон туманларининг янги маданият марказларида ҳам қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Йил якунига қадар ушбу қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланади ва бинолар фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, йил охиригача вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактабларига ўқувчилар қамрови 10 фоизга ҳамда маданият марказларидаги тўгаракларга ёшларнинг қамрови 15 фоизга оширилади. Маданият муассасаларининг барчаси юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ
суҳбатлашди.