“Маҳалла еттилиги” ўқитилмоқда

Шу кунларда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида “маҳалла еттилиги” учун ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Ушбу семинар Самарқанд шаҳрида бугундан бошланди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган махсус жадвал асосида ўтказилаётган семинарларга Давлат бошқаруви академиясида тайёрланган малакали тренерлар, мутасадди идора ва ташкилот масъуллари жалб қилинган. Жараёнда Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги ПФ-209-сон фармони, ПҚ-402-сон қарори мазмун-моҳияти ҳамда уларда белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш бўйича тренинг ва машғулотлар ўтказилмоқда.

— Маҳалла институти катта ислоҳотларни бошидан ўтказяпти, - дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курси директори Тоштемир Эргашев. – Шундай экан, фаоллар ҳам ўз билим ва малакасини ошириб бориши, қонунлардаги ўзгаришлардан хабардор бўлиши керак. Тўғри, шу вақтгача маҳаллаларда “бешлик” бўлган. Бироқ энди у таркиб бўйича ҳам, вазифалар тақсимоти бўйича ҳам такомиллашди. Хусусан, раис энди маҳалладаги ҳоким ҳисобланади. У “еттилик”нинг қолган аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириши, баҳолаши лозим. Шу билан бирга, унинг ҳам фаоллар ва фуқаролар олдида мажбуриятлари бор. Семинар иштирокчиларига ҳар бир ҳолат бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

- 25 йилдан бери маҳаллада ишлайман, - дейди Самарқанд шаҳридаги Мингтут маҳалласи хотин-қизлар фаоли Назокат Сафарова. – Яқингача маҳалла фаолларининг фаолият йўналишлари турли ҳужжатлар асосида белгиланиб, ўзаро мувофиқлаштирилмаган эди. Айтайлик, ижтимоий хизмат, солиқ тушуми, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни кези келса, раис ҳам, биз ҳам қилиб кетаверганмиз. Янги тузилмада барча вазифалар мутаносиб тақсимланган. Бу нафақат алоҳида йўналиш, балки жамоавий иш самарадорлигига ҳам ижобий таъсир қилади.

Ўқув-семинарлар жорий йилнинг 17 февралига қадар давом этади. Унда вилоятдаги 1126 та маҳалладан 6065 нафар ходим қамраб олинади. Семинарлар якунида иштирокчилардан ижтимоий сўров ва тест синови олиниши белгиланган.