Маҳалла масъуллари солиқ тушумларини туширишга жалб қилинмайди

Кейинги кунларда айрим интернет тармоқларида Тойлоқ туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг солиқ ва ҳарбий хизмат бадали йиғишга мажбурланаётгани ҳақида асоссиз хабар тарқалди. Бу нечоғли ҳақиқатга тўғри келади?

Тойлоқ туманида 50 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 42 минг 983 нафар солиқ тўловчи жисмоний шахслар мавжуд. Маҳаллаларга бириктирилган солиқ ходимлари томонидан шу йилнинг 1 майига қадар фуқароларнинг мол-мулк ва ерлари учун ҳисобланган солиқлар тўғрисида хабарномалар хонадонма хонадон кириб тарқатиб чиқилган.

Маҳалла раислари билан ҳамкорликда жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллий бюджет даромадларини тўлдириб, солиқ тўловчиларнинг ўзлари яшаб турган ҳудуднинг ободлиги, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш учун сарфланиши кенг тарғиб қилинмоқда. Қолаверса, белгиланган солиқ тўловларини вақтида тўлашдан аҳоли манфаатдор эканини яхши билади. Шу боис аксарият фуқаролар нафақат солиқ, балки электр энергияси, газ, сув ва бошқа тўловларни ҳам вақтида амалга оширишга одатланишган.

Маҳалла масъулларига эса солиқ тушумларини тушириш мажбурияти юклатилмайди. Улар ўз маҳаллалари ҳудудининг янада обод бўлиши учун маҳаллий бюджетга тушумларни ўз вақтида тушишини таъминлашда ихтиёрий ёрдам беришлари мумкин.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси.