"Маҳалламиз раиси нонимизгача олиб келади"

Аслида бизнинг маҳаллада кексалар доим ҳурмат-эътиборда. Ҳурмат кўрсатилмаса, эътибор қаратилмаса, бундан ранжийдиган, керак бўлса эътиборни талаб қиладиган фахрийларимиз ҳам бор...

Самарқанд шаҳридаги Каттаариқ маҳалласида бугунги кунда 2 мингга яқин аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 250 нафарини кекса ёшдаги кишилар ташкил қилади. 

- Кексаларимизнинг аксарияти турли ташкилотларда самарали фаолият кўрсатган, зиёли фахрийларимиздир, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Меҳриддин Орипов. – Бунинг ўзига хос ижобий ва мураккаб жиҳатлари бор. Зиёли инсонлар жамиятдаги ислоҳотлардан доим хабардор бўлиб тургани учун шу ислоҳотлар ижросини ўз маҳалласида ҳам кўришни истайди ва зарур бўлса талаб ҳам қилади. Бу эса маҳалла фаолларини доимий тарзда изланишга, замон билан ҳамнафас ишлашга ундайди. 

Мамлакатимизда "Кексалар ҳафталиги"га старт берилган кунданоқ маҳалламиз фаоллари қатор ташаббус билан чиқди. Биринчи навбатда кексалар иштирокида ҳафталик соғломлаштириш дақиқалари билан бошланди. Шунингдек, фахрийлар ўртасида шахмат-шашка мусобақалари, тиббий кўрик, қўшни вилоятларга зиёратлар ташкил этилди. Айтиш керакки, маҳалламизда турли миллат вакиллари дўстона ва ижобий муҳитда истиқомат қилади. Йигирма нафарга яқин фаол кексаларимиз маҳалладаги барча жараёнда иштирок этади, уларнинг маслаҳати билан иш кўрамиз.

- Кексалик гашти деймизу, аммо ёш ўтган сари инсон кундалик, оддий юмушларни бажаришга ҳам қийналиб қолади, - дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Валентина Сократянц. - Ўзим умрим давомида вилоятнинг бош рассом модельери ва бошқа вазифаларда фаолият юритганман. Пенсияга чиққанимга қарийб ўттиз йилдан ошди, бир неча йилдан бери кўзларим кўрмай қолди. Турмуш ўртоғим ҳам 80 ёшдан ошди. Кези келганда нон олиб келишга ҳам қийналамиз. Бу вазиятда маҳалланинг бизга ёрдамини айтишим керак. Қаричиликда шифокорларга кўп ишимиз тушади. Шифокор топиб келишдан тортиб, ҳатто бозордан маҳсулот олиб келиш каби юмушларни ҳам маҳалламиз фаоллари бажаришади. Маҳалла фаоллари фақат "Кексалар ҳафталиги"да эмас, ҳар доим биздан хабардор.

Гулруҳ Мўминова.