Маҳаллий кўмир нархи ўзгармади. Қозоғистонники бироз қимматлаган
Амалдаги тартибга мувофиқ, табиий газ етиб бормаган ҳудудларда куз-қиш мавсуми учун аҳоли кўмир маҳсулоти билан узлуксиз равишда таъминланади.
Бунинг учун туман ҳокимликлари томонидан тасдиқланган аҳолини кўмир билан таъминлашга оид жадвал маҳалла фуқаролар йиғинига етказилади. Маҳалла фуқаролар йиғини келиб тушган аризаларга мувофиқ кўмирни сотиб олиш бўйича реестрни шакллантиради, кўмир омборларидан олиб келинишини ташкил қилади.
- Бугунги кунда вилоятимизда кўмир тушириш, аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга сотиш борасида 8 та омбор фаолият олиб бормоқда, - дейди Самарқанд вилоят “Кўмиртаъминот” МЧЖ раиси Сайфиддин Жуманов. - Бундан ташқари, Қўшработ туманида Жўш ота ва Қўралос, Ургут туманида Жарқишлоқ ва Бунёдкор кўмир шохобчаларида тайёр маҳсулот, яъни кўмир брикетини сотиш хизмати кўрсатилади.
Айни пайтда етказиб берилаётган кўмир нархида ўтган йилги нарх сақланиб қолган Маълумот учун айтиш мумкинки, 1 тонна кўмир нархи 300 минг 300 сўм, 1 тонна кўмир брикети нархи 412 минг 500 сўм этиб белгиланган.
Шу пайтгача вилоят аҳолисига 11 минг 171 тонна тонна кўмир, 1 минг 432 тонна кўмир брикети сотилди. 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 80 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Бу ўтган йилгига нисбатан 5 минг тоннага кўп.
Қозоғистондан импорт қилинаётган кўмир маҳсулоти сифат жиҳатдан бирмунча яхшилиги ва импорт маҳсулот сифатида кириб келаётганлиги сабабли нархи қимматроқ. Ушбу кўмир ўтган йили ҳукумат қарорига мувофиқ, 1 тоннаси 635 минг сўм нархда сотилган. Бу йил ҳозирча Қозоғистондан кўмир импорт қилингани йўқ, лекин буюртма берганмиз. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган кўмирнинг 1 тоннаси 780 минг сўм бўлиши кутилмоқда.
Шу ўрнида қайд қилиш лозимки, жойларда аксарият ҳолларда қопланган ҳолда сотилаётган кўмир тадбиркорлар томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган. Шу боис, улар белгилаётган нарх омборлар орқали сотилаётган кўмир нархидан бирмунча фарқ қилиши мумкин.
Мутасаддининг айтишича, бугунги кунда айрим тадбиркорлар тўғридан-тўғри шартнома қилиб Қозоғистондан ҳам кўмир импорт қилиб, унинг савдосини йўлга қўйган.
Ё.Гадоев.