Мактаб битирувчилари Оксфорд, Вебстер университетлари талабаси бўлди

Таълимнинг ривожланишига қаратилган саъй-ҳаракат бир-икки кунда ўз натижасини кўрсатадиган жараён эмас. Бир ниҳолни — ўқувчини тарбиялаб, ўқитиб, камолга етиши замирида ота-она ва ўқитувчининг чексиз меҳри ва садоқати, фидойилиги, мамлакатнинг беминнат моддий ва маънавий рағбати ётади. Ана шу меҳнат ва рағбат кун келиб ижобий натижа берса бас, энг катта ютуқ мана шунда.

2019-2020 ўқув йилида вилоятимиз мактабларини 53583 нафар ўқувчи битирди. Битирувчиларимизнинг 339 нафари олтин, 76 нафари кумуш медалларга сазовор бўлишди. Ўтган йилги натижалар билан қиёслаганда ижобий кўрсаткичларимиз бир неча баробарга ортганини кузатиш мумкин. Яъни, ўтган ўқув йилида 141 нафар битирувчимиз олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган эди.

Қувонарлиси, жорий йил аллақачон 27 нафар битирувчимиз чет тиллар ва аниқ фанларни пухта ўзлаштиргани, маданият, санъат ва спорт йўналишларида ўзларининг қобилиятларини намоён этиб, мамлакатимиз ва хорижий кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллагани натижасида республикамиз ва хорижий мамлакатларнинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиёзини қўлга киритди.

Алоҳида эътироф этиш жоизки, халқ таълими соҳасида эришилаётган бундай юксак натижалар ўз-ўзидан бўлмайди. Аввало, болага оилада тўғри тарбия берилгани, мактабда фидойи ва жонкуяр ўқитувчининг педагогик маҳорати, чеккан захмати, тизимдаги раҳбарларнинг таълим сифати ва самарадорлигига алоҳида эътибор қаратгани натижасидир.

Ушбу фикрларимизга озгина кенгроқ тўхталсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактабларини 2019-2020 ўқув йилида  6 248 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг орасида пухта билим олиб, тиришқоқлиги ва интилувчанлиги билан аъло баҳоларга ўқиган 112 нафари олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди. Ушбу битирувчиларимиз орасида Ансар Раҳмонов бир қатор халқаро университетларга ўқишга кириш учун онлайн имтиҳонлардан ўтиб, бугун Англиядаги Оксфорд университетининг иқтисодиёт йўналиши талабаси бўлиш имкониятига эга бўлди.

Дарҳақиқат, оддий мактаб ўқувчисининг бундай ютуққа эришиши биргина ўзининг интилиши эмас. Бу аввало, фарзандга ота-онанинг ғамхўрлиги, педагогнинг тўғри таълим-тарбия бериши ва ундан кейин ўқувчидаги иштиёқнинг натижасидир. Ансар доимий равишда фанларни бир-биридан ажратмасдан, қунт билан ўзлаштириб келган. Айниқса, инглиз тили фани ўқитувчиси ва синф раҳбари Шаҳло Ибодова, математика фани ўқитувчиси Насиба Мирзаевалардан фан сабоқларини пухта ўзлаштирган. Муҳими, ўқувчининг тўғри камол топишида Ансарнинг ота-онаси Анвар Давронов, Нигора Давроновалар доимий равишда ўқитувчи, синф раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиб, фарзандининг таълим-тарбияси, интилиши, руҳияти, қизиқишлари ҳақида доим воқиф бўлиб, биргаликда уни тўғри йўналтирган. Албатта, бу ота-онанинг бири тадбиркор, бири уйда бошқа фарзандларнинг ташвиши билан банд. Айтмоқчиманки, ўз боласига озгина эътибори, ўқитувчи билан биргаликдаги қатъий назорати ўқувчининг тақдирини, таъбир жоиз бўлса, порлоқ келажагини белгилаяпти.

Қувонарлиси шуки, Ансар каби ўқувчиларимиз кўп. Жумладан, Паст Дарғом туманидаги 28-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 4 нафар ўқувчиси олтин медал соҳиби бўлиш билан бирга, IELTS имтиҳоналаридан 5,5 ва 6 балли сертификатларга эга бўлишган. Мактаб-интернат ўқувчиси Рустамжон Шамелов АҚШнинг Вебстер университети Тошкент филиали талабаси бўлди. Шунингдек, Далер Деҳқонов, Гулшан Бозорова, Севинч Султонова каби ўқувчилар ҳам имтиёзли равишда юртимиздаги ОТМнинг талабаси бўлди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 37-ИДУМ битирувчиси Жаҳонгир Абдуфаттоев Тошкент Турин политехника университети, 43-мактаб битирувчиси Ҳасан Мавлянов ҳамда Пахтачи туманидаги 2-мактаб битирувчиси Адҳамжон Абдураҳмоновлар Вебстер университети Тошкент филиали, Жомбой туманидаги 40-мактаб битирувчиси Нигина Шербекова Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Ургут туманидаги 36-мактаб битирувчиси Диёрбек Турдиев Малайзиядаги Cty университетига онлайн имтиҳонлар орқали ўқишга кирганини ифтихор билан тилга олсак арзийди.

Айни пайтда яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш жоиз. Агар эътибор қаратадиган бўлсак, вилоятимизда шундай умумтаълим мактаблари борки, уларда камида 5-10 тагача олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган ўқувчилар бор. Масалан, Қўшработ туманидаги мактабларни битирган ўқувчиларимиздан 18 нафари олтин ва кумуш медал соҳиби бўлган бўлса, уларнинг аксарияти тумандаги 1- ва 56-мактаблар ҳиссасига, Паст Дарғом туманидан 59 нафар битирувчи олтин ва кумуш медаллар олган бўлса, уларнинг аксарияти тумандаги 8-, 19-, 21- ва 112-мактаблар ҳиссасига, Пахтачи туманидан 41 нафар битирувчи олтин ва кумуш медаллар олган бўлса, уларнинг аксарияти тумандаги 11-, 21-, 22-, 36 ва 45-мактаблар ҳиссасига тўғри келади. Нарпай туманидан 20 нафар ўқувчимиз олтин ва кумуш медал соҳиблари бўлган бўлса, уларнинг аксарияти тумандаги 33-, 57- ва 64-умумтаълим мактабларида таълим олишган. Бу маълумотни ҳар бир туман мисолида яна узоқ давом эттириш мумкин. Аммо айнан биз санаб ўтган мана шундай мактабларда педагогларнинг халқ фарзандини чинакам ўқимишли қилишга бел боғлагани, шарафли касбининг масъулиятини чин дилдан ҳис этиб, меҳнат қилаётганини англаш қийин эмас. Айнан мана шундай ўқувчиларга, уларнинг ота-оналарига, ўқитувчиларга, мактаб директорларига мингдан-минг раҳмат. Бугун мана шундай муассасаларнинг ютуғи, ўқитувчиларнинг фидойилиги, ота-оналарнинг ўз фарзанди тақдирига бефарқ бўлмасдан, устозлар билан ҳамфикр, ҳаммаслак бўлаётгани бошқаларга намуна, ибрат мактаби бўлиши зарур.

Билимдон ўқувчиларимизнинг энг муносиблар қаторида олтин ва кумуш медалларни қўлга киритаётгани, битирувчиларимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кираётгани, келажакда мамлакатимизда мана шундай юксак салоҳиятли кадрлар етишиб чиқишининг кафолатидир.

Яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Юқорида таъкидлаганимиздек, мактабларимизни 53 минг нафардан зиёд ўқувчи битиряпти. Эндиги вазифа мана шу битирувчиларимизнинг барчаси ОТМга ўқишга ҳужжат топширишлари шарт. Мана, юқоридагиларидан маълумки, озгина интилиши бор, устозлар берган билимни озгина қунт билан ўзлаштирган фарзандларимиз катта-катта ютуқларга эришяпти. Мен ишонаманки, мана шу 53 мингдан ортиқ ўқувчимизнинг барчаси ОТМга ҳужжат топширса, уларнинг аксарияти талаба бўлади.

Бундан буён мактаб маъмуриятига, ўқитувчининг салоҳиятига битирувчиси ОТМга ўқишга кириш кўрсаткичига қараб хулоса қилинишини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Чунки бундай чора-тадбирни қўллашимизни даврнинг ўзи тақозо қиляпти. Энди таълим сифати ва самарадорлигидаги паст кўрсаткични бирор нарса билан баҳона қилишга ҳеч қандай асос қолмади. Шароит бор, моддий рағбат бор. Бугун паст натижа кўрсатганга битта ҳаққоний баҳона бор: ўз устида ишламаслик, лоқайдлик. Шунинг учун ҳам биз бундай қатъий тартибни жорий қилдик. Ўйлаймизки, амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатларимиз ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.

Саидаҳмад УСМОНОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.