Мактаб ошхонасида нима сотиш мумкин, нима мумкин эмас?

КОЛЛЕЖ ВА МАКТАБ ОШХОНАЛАРИДА ҚАЙСИ ТАОМЛАРГА РУХСАТ ЙЎҚ?
– Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачининг 2010 йил 18 сентябрдаги "Республика умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг хавфсиз овқатланишини ташкил қилишни таъминлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, умумий ўрта таълим мактабларининг ошхоналарида рухсат этилган маҳсулотларнинг рўйхати шакллантирилган, – дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири Асолат Эргашева. – Унга кўра, ушбу таълим муассасаларининг ошхоналарида гамбургер, хот-дог, булочкадаги сосиска ва колбаса, чипс, кириешка, хрустяшка, сақич, кока-кола, фанта ҳамда бошқа турдаги газланган рангли ичимликларни сотиш тақиқланган. Шунингдек, яроқлилик муддати тугаган, сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари, бир кун олдин тайёрланган овқат ҳамда унинг қолдиқлари, ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ, уйда тайёрланган барча озиқ-овқат, таомлар, дастлабки ишлов берилмаган ва пастеризация қилинмаган сут ва сут маҳсулотларини сотиш мумкин эмас.
Таълим муассасаларида бўлганимизда ушбу қарордан кўпчилик тадбиркорлар бехабар экани ва тақиқланган маҳсулотларни иккиланмасдан ўқувчиларга сотаётганига гувоҳ бўлдик.
ЎҚУВЧИЛАР ҲИДЛАНГАН "ШАШЛИК"КА КЎНИККАН
Самарқанд шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг ошхонасини "SAMARQAND XOLIS FAYZ SAVDO" масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари С.Жўраев бошқаради. Ошхонанинг санитария ҳолати, ишлатиладиган буюмларнинг сақланиши мутлақо эътибордан четда қолган. Ширинлик маҳсулотлари ерда, қоғоз қутиларда пала-партиш сақланяпти. Музлаткични очганимизда унинг ичида рангли ичимликлар, сосиска ва кўринишидан бир неча кун олдин тайёрланган "шашлик" бор экан. Унинг бадбўй ҳиди хонани ҳам эгаллаб улгурган.
Шунингдек, ошхонада гамбургер, хот-дог, пицца, булочкадаги сосиска ва колбаса, чипс, сақич, ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт маҳсулотлари мавжуд.
– Мутасадди ташкилотлар тақиқланган озиқ-овқатларни сотмаслик бўйича бир неча бор огоҳлантиришди, – дейди С.Жўраев. – Аммо иложим йўқ, тирикчилик. Ўқувчиларга эски, муддати ўтган овқатларни бермайман. Рухсат этилмаган маҳсулотларни эса болалар бу ердан олмагани билан бошқа жойдан харид қилади.
Ошхона эгаси гапнинг очиғини айтишни маъқул кўрди (У на уялди ва на хижолат тортди). Белгиланган тартибга риоя қилиш кераклиги уни қизиқтирмади.
"БОЛАЛАРГА ХОТ-ДОГ СОТМАЙМИЗ, ЎЗЛАРИ СЎРАШАДИ"
Самарқанд шаҳридаги 35-умумий ўрта таълим мактаби ошхонаси якка тартибдаги тадбиркор М.Нуриддиновга тегишли экан. Ошхона тоза ва озода ҳолатда. Вақти ўтган ва ҳидланган нарсалар йўқ. Бироқ ошхонада рангли ва газли ичимликлар, пицца, хот-дог, чипс, сосиска, кетчуп, майонез, тайёр салат, сақич ва кофе каби сотилиши тақиқланган маҳсулотлар бор.
– Ҳар доим сифатли овқат тайёрлаймиз, – дейди иш бошқарувчи М.Болтаева. – Шу пайтгача бирорта ўқувчи бизга шикоят қилгани йўқ. Болаларга хот-дог сотмаймиз, ўзлари сўрашади. Хот-догни ўқитувчилар учун қиламиз. Тегишли ташкилотлардан келиб, белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш бўйича огоҳлантиришган, бироқ олиб қўйган нарсаларимизни сотиб бўлишимиз керак-ку…
КОЛЛЕЖДА ОЗИҚ-ОВҚАТЛАР СИФАТЛИ ЭКАН
– Сотиш керак бўлган ва тақиқланган маҳсулотлар бўйича ҳеч ким бизни огоҳлантиргани йўқ, – дейди Сиёб қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ошхонасида фаолият юритаётган "FAYZ SWEET FOOD" оилавий корхонаси раҳбари А.Норбеков. – Текширувчилар келади ва ҳар хил кўрсатмалар бериб кетишади. Ҳали ҳеч ким "Уни сотма, буни сот", деганича йўқ. Шу боис бу ерда ҳар хил ичимлик ҳамда таомларимиз бор.
Ошхонада тозалик ишлари яхши ташкил этилган, озиқ-овқат маҳсулотлари шу ернинг ўзида тайёрланяпти. Ишчилар белгиланган тартибда кийинишган. Аммо тадбиркорнинг ўзи айтганидек, тушунтиришлар ўтказилганими ёки бошқа сабабми, сотилиши тақиқланган ичимлик ва овқатларнинг айримларигина йўқ, холос.
"МАКТАБИМИЗДА ОШХОНА БЎЛИШИНИ ҲАММА ИСТАЙДИ"
Тойлоқ туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактаби 270 ўринга мўлжалланган бўлса-да, 375 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олади. Шу боис мактабда ошхона учун хона етишмайди. Ҳолат юзасидан муассаса директори З.Жабборовага юзландик:
– Мактабда спорт зали ва ошхона қурдираман, деб жуда кўп жойга бордим. Тегишли ташкилот ва мутасадди раҳбарлар билан учрашдим, аммо фойдаси бўлмади. Болалар ўзлари овқат олиб келади. Айримлари танаффус вақтида бошқа жойдан егулик сотиб олади. Мактабимизда ошхона бўлишини ҳамма истайди. Ошхона очиш учун тадбиркорлар ҳам етарли, лекин қўшимча хонамиз йўқ.
СОТИЛИШИ ТАҚИҚЛАНГАН МАҲСУЛОТЛАР РЎЙХАТИ БОР, АММО…
Тойлоқ туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида икки йилдан буён фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор М.Салоҳиддинов ўз ҳисобидан ошхонани таъмирлаган. Ошхона шинамгина, тоза ва озода. Овқат тайёрланадиган хоналар тартиб билан сақланган. Ошхонада истеъмолга бериш тақиқланган маҳсулотлар рўйхати илиб қўйилган бўлса-да, улар сотилмоқда.
– Бугун ортиқча маҳсулотларни ошхонадан олдирмоқчи эдим, – дейди мактаб директори А.Орипов. – Албатта, келаси сафар келганингизда ҳаммаси тартибга олинган бўлади. Ўқувчиларнинг тақиқланган овқатдан заҳарланиши биз учун яхши эмас.
КОЛЛЕЖ ОШХОНАЧИСИ СИФАТСИЗ МАҲСУЛОТЛАРНИ ЯШИРИШГА УРИНДИ
Тойлоқ агротадбиркорлик коллежидамиз. Якка тартибдаги тадбиркор Д.Раҳимова мазкур коллеж ошхонасини 9 йилдан буён бошқариб келади. Ошхонанинг санитария ҳолати киши таъбини хира қилар даражада, абгор. Сақланаётган маҳсулот ва идиш-товоқлар ҳам шунга яраша.
Иш бошқарувчи А.Аҳроровнинг айтишича, мутасадди ташкилотлар бир неча бор келиб, рухсати йўқ маҳсулотларни сотмаслик бўйича огоҳлантиришган. Шу боис ошхонада фақатгина палов ва бўғирсоқ пиширилар экан.
Ошхонадаги музлаткич ва шкафларни очиб кўрганимизда тақиқланган маҳсулотларнинг кўпини учратдик. Ҳар хил салатлар эскиргани шундоққина маълум, ҳидланиб улгурган. Сифатсиз сосискалар, сунъий суюлтирилган кетчуп ва майонезлар сақланмоқда.
ТАДБИРКОР ФАОЛИЯТ ЮРИТИШ УЧУН БЕРИЛГАН ГУВОҲНОМАНИ НЕГА СОХТАЛАШТИРДИ?
Тойлоқ педагогика коллежи ошхонасини якка тартибдаги тадбиркор Р.Юлдошев бошқаради. Ошхона коллеж директори хонасининг ёнгинасида жойлашган бўлса-да, жуда аянчли аҳволда экан. У ернинг тозалиги билан ҳеч ким қизиқмагани аниқ. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари аралашиб ётибди. Музлаткич ишламаётгани сабабли гўшт ва бир неча хил салатлар очиқ сақланмоқда. Коллежда сотиш мумкин бўлмаган ҳамма егулик турини учратиш мумкин. Колбаса ва сосиска маҳсулотларида яроқлилик муддати кўрсатилган ёзув ҳам йўқ.
Бизни таажжубга солгани тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун берилган гувоҳнома бўлди. 2015 йил 16 декабрда берилган гувоҳномадан тадбиркор 2016 йил 16 декабрга қадар фойдаланиши керак бўлган. Бироқ Р.Юлдошев гувоҳнома муддати туширилган 2016 рақамини 2018 қилиб, қалам билан сохталаштиришга уринган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларнинг жисмонан соғлом, баркамол вояга етишлари учун барча бирдек ҳаракат қилиши лозим. Озгина даромад илинжида болаларга ҳар хил маҳсулотни сотиш эса ҳеч бир мезонга тўғри келмайди.
Хулоса ўзингиздан.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ,
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ,
"Зарафшон" мухбирлари.