Тошкентдан депутатлар келди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Самарқандда сайловчилар билан учрашди. Тадбирлар тафсилотлари кенг ёритилмаган бўлса-да айрим факт ва маълумотларни билиб олиш мумкин.

Хусусан, Зебунисо Рахмонова Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд кўзмунчоғи” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ўрганган Даҳбедий маҳалласи ёшлари ҳамда хотин-қизлар билан учрашув ўтказган.

Депутат “Зиёда” болалар боғчасида яратилган шарт-шароитлар, моддий техник базаси билан яқиндан танишиб, таклиф ва тавсиялар берган.

Амалда мамлакатимизда бешта сиёсий партия бор. Парламент қуйи палатасига вилоятдан сайланган депутатлар орасида уларнинг ҳар биридан вакил бор. Ажабланарлиси, улар сайловчилари ҳузурига келишганда партиявийлигини ажратиш мушкул.

Ўтган ҳафта округларга келган депутатлар иштирокидаги тадбирлар ҳам бу “принцип” ўзгармаганини кўрсатди. Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Зебунисо Рахмонова, Бекмирза Эшмирзаев ва Ботирали Шодиевлар Бошдархон маҳалласидаги оилавий шифокорлик пунктида бўлишди.

Тарқатилган хабарларга кўра, 2011 йилда ташкил қилинган шифокорлик пункти 13 минг 135 аҳолига бирламчи тиббий санитария хизматлари кўрсатилади. Ҳудудда 207 та ҳомиладор аёлларга 3 та тиббий бригада доялари хизмат қиляпти. 40 ёшдан ошган аҳоли юрак-қон томир ва қандли диабет касалликларининг олдини олиши мақсадида скринингдан ўтказилмоқда.

Режага мувофиқ тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилиб, 30-50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги бўйича тест ўтказилаётганлиги аниқланган ва депутатлар назоратига олинган.

- Бугунги кунда юқумли касалликларнинг сони тобора ортиб, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди, – дейди санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармасида бўлган депутат Зебинисо Пулатовна. – Бу борада амалга оширилаётган ишлар фақат марказларда эмас, юртимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам етиб бориши лозим.

Қайд қилинган уч депутат учта партиядан. Бир жойга борганини ёмон демоқчимасмиз, аммо уларнинг сиёсий қарашлари турлича бўлиши, масалага муносабати, ёндашуви бир-биридан фарқ қилиши керак эмасми?

32-Самарқанд  сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасур Шодиев ҳамда Каттақўрғон шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар савдо-саноат палатаси раҳбари ҳамроҳлигида Гўзалкент маҳалласида бўлиб, фуқаролар йиғини фаолиятининг иш самарадорлигини ошириш бўйича “Маҳалла еттилиги” томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишган.

Шунингдек, Ж.Шодиев Пахтачи тумани ҳокими Қ.Хушбақов билан Пахтачи туманидаги Халқ қабулхонасида жисмоний ва юридик шахсларнинг қабулини ўтказган.

Қабулда 100 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Туман даражасидаги масалаларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилган, вилоят, республика даражасидаги масалалар бўйича талаб ва таклифлар ишлаб чиқилган.

35-Самарқанд сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухсинжон Холмухамедов ҳам Ургут тумани аҳолиси муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрмоқда. Бешкон, Баҳрин маҳалалари аҳолиси билан мулоқотда эски симёғочлардан шикоят қилишган. Ҳашар йўли билан маҳаллада ташкил қилинган кутубхонани жиҳозлаш, ишга тушириш бўйича ёрдам сўралган. Мулоқотларда тиббиёт, уй-жой, бандлик ва бошқа масалаларда ҳам мурожаатлар тушган.

Депутат уларда кўтарилган масалалар ечими бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишини билдирган.

34-Самарқанд сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган Абдулла Аслановнинг учрашувида ўтган галги мулоқотларда билдирилган муаммо ҳал этилди. Хусусан, Тойлоқ туманининг Муборак ва Галаботир маҳаллаларида электр тармоқлари учун 38 бетон устун ўрнатилган. Бу каби амалий ишлар тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам давом эттирилмоқда.

Ё.МАРҚАЕВ.