Мактабда эркак ўқитувчининг ўрни қандай?

Бундан 30-40 йил илгари мактабларда эркак ўқитувчилар педагогик жамоанинг қарийб 70 фоизини ташкил этар эди. Бугун эса ўқитувчиларнинг 75-80 фоизи аёллардан иборат. Тўғри, кейинги йилларда кўплаб эркак ўқитувчи мактабга қайтди. Аммо бу етарлими? Умуман, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг кўп бўлгани яхшими ёки кам бўлгани?

Бу саволларга жавобларни ўқитувчиларнинг ўзларидан эшитайлик.

Пайариқ туманидаги 9-мактаб директори Алишер Муқумов:

- Ҳеч шубҳасиз, ёш авлоднинг маънан ва жисмонан камол топишида эркак ўқитувчиларнинг ўрни бўлакча. Масалан, кейинги 25-30 йил ичида эркак муаллимлар рўзғори, бола-чақасининг кам-кўстини тўлдириш мақсадида бошқа ишлар билан шуғулланиб кетди.

Бугун таълимга эркак ўқитувчиларнинг қайтаётгани рост. Уларнинг ўқувчилар дарс ва дарсдан ташқари вақтлардаги фаолиятини мунтазам назорат қилиб боришлари аёл ўқитувчиларга далда бўлади. Негаки, бу табиат қонуни - аёллар бироз кўнгилчан, эркаклар эса қаттиққўл.

Муҳтарама муаллима аёлларимизни бу масалада камситишдан йироқман, лекин ўқувчилар сабр-бардошли бўлиш, қатъиятни айнан эркак ўқитувчилардан ўрганиши ҳақиқат. Реал ҳаётда ҳам тўлақонли бўлмаган оилада ёшларнинг инжиқ, ўз билганидан қолмайдиган бўлиб вояга етиши кўп кузатилади.

Демак, мактаблардаги ўқитувчиларнинг катта қисмини эркак ўқитувчилар ташкил этса ўқувчиларнинг нафақат таълим олиш сифати, балки тарбияси ҳам ижобий томонга ўзгаради. Шу боис, мактаб раҳбарияти, ҳеч бўлмаганда директор ўринбосари эр йигитлардан бўлиши энг мақбул йўл.

Каттақўрғон туманидаги 20-мактаб директори Зайнаб Бердиева:

- Инкор этиб бўлмас қонуният бор: барча буюкларни устозлар тарбиялаб, илм берган. Демак, ёш авлод камолотида устози эркак ёки аёл киши эканлиги муҳим аҳамиятга эга эмас.

Бунга тарихдан ҳам минглаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Мирзо Улуғбекни ким тарбиялаган? Соҳибқироннинг маликаси Бибихонимнинг ўгитлари натижасида темурийзода осмон тоқига нарвон ўрнатмаганми? Ахир унинг ўзи ҳам илмли ҳукмдор бўлишида Бибихонимнинг ўрни катта бўлганлигини қайд этган.

Психологияда ўсмир ёшдаги йигитлар аксарият сирларини оналарига баён қилиши исботланган. Бас шундай экан, ёшларга таълим-тарбия беришда эркак кишими ёки аёл бўладими унинг ўзи илмли, маърифатли, маънавиятли эканлиги муҳим.