Самарқанд вилоятида 873 нафар эркак ўқитувчи мактабга қайтди

Ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2019 йил 1 январдан 1,5 бараварга ошди. Ҳозирги кунга келиб, олий тоифали ўқитувчининг ойлик иш ҳақи 2 907 556 сўмни, 1-тоифали ўқитувчининг ойлик иш ҳақи 2 653 597 сўмни ташкил этади.

Меҳрибонлик уйлари тарбиячилари ва ходимларининг ойлик маоши базавий тариф ставкалари 1,5 мартага, оилада тарбия қилиш учун қабул қилинган ҳар бир болага тўланадиган тўлов миқдори (патронат) 1,4 баравар оширилди.

Ўқитувчи касби мақомини ошириш юзасидан кўрилган чоралар натижасида жорий йилда вилоят халқ таълими тизимига 873 нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтиб, фаолият юрита бошлади.

Умумтаълим муассасаларида меҳнат фаолиятини олиб борувчи ўқитувчиларга нафақанинг тўлиқ миқдорда тўланиши йўлга қўйилгач, 94 нафар ишламайдиган нафақадаги устозлар халқ таълими тизимига қайтди ва уларнинг умумий сони 656 нафарга етди.

Ўқитувчилар томонидан топшириладиган ҳисоботларга кўп вақт (кунига 4 соат) кетишининг олдини олиш мақсадида ҳисоботни шакллантириш тартиби енгиллаштирилди ва улар 7 тадан 3 тага қисқартирилди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.