Мактабда “Ватан таянчи” бўлади
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилмоқда.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Учқун Саъдуллаевнинг таъкидлашича, умумтаълим мактабларида таркиби 20 нафар бўлган 10-, 11-синф ўқувчиларидан иборат “Ватан таянчи” отрядлари тузилади.
“Ватан таянчи” ҳаракати ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш, эркин фикрлайдиган, билимли, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакати, халқи ва ўз оиласининг фаровонлигини таъминлаш орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялайди.
Янги ўқув йилидан бошлаб ҳаракат фаолиятида фаол иштирок этиб, мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир отряднинг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади.
Тегишли тавсияномаларга эга бўлган отряд аъзолари республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлади. Берилган тавсияномалар уч йил мобайнида амал қилади.