Мактабга ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи керакми?
2021 йил 1 январдан бошлаб мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этиляпти. Бу ҳақда 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланган.
Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар фанлар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилинади. Ушбу лавозимга ҳар бир мактабда 0,25 ставка иш ҳақи ажратилади. Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи 4 та мактабга бириктирилиб, 1 штат бирлигида маош олади.
Президент фармонига асосан, 2020 йил 28 декабрда халқ таълими вазирлиги, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қўшма қарори тасдиқланди.
- Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг тавсияси билан ҳозирги кунда 692 мактабга 173 нафар шоир, ёзувчи, журналистлар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида ишга олинди, - деди вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Жаҳонгир Йўлдошев. – Вилоятда жами мактаблар сони 1255 та бўлиб, қолганларига олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари бириктирилди.
Қўшма қарорда шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорларнинг меҳнатига умумтаълим муассасаларидаги ёшлар етакчиси лавозимининг 0,25 штат бирлиги ҳисобида ҳақ тўланиши белгиланганди.
Президентимиз томонидан маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан ўтказилган йиғилишда янги киритилаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимларига ёшлар етакчиларидан 0,25 ставка қисқартириш ҳисобига эмас, балки қўшимча маблағ ажратиш бўйича аниқ топшириқ бўлди.
Олий таълим муассасаларининг ижтимоий-гуманитар фанлар кафедралари профессор ва ўқитувчиларининг меҳнатига мазкур муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.
Майли, бу масала ўз йўлига. Бироқ, мактабларга тавсия этилаётган шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар ҳақиқатан ҳам ўқувчилар билан шуғулланадими? Бунга уларнинг вақти борми? Болалар билан ижодий кечалар, мушоиралар ташкил этадими? Масаланинг мана шу томонини ўйлаб кўриш керак.
- Мени мактабга ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасига таклиф қилишганди, - дейди исми сир қолишни истаган ижодкор. – Ҳафтада бир кун вақтим бор. Ўша кунга тўғрилаб берсанглар бораман, дедим. Кейин билсам тўртта мактабга бириктиришибди.
Ижодкорнинг ҳафтада бир кунлик бўш вақтини ҳам банд қиляпмиз. Энди у бу вазифани қандай уддалайди - бизга қоронғи. Қўшма қарорга кўра, умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчига бир қатор вазифалар белгиланган. Масалан, у ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш билан шуғулланади, ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан танишиб боради, уларга йўл-йўриқ кўрсатади, ижодий тўгараклар ташкил этади ва режа асосида маҳорат сабоқларини олиб боради.
Шунингдек, улар ўқувчилар ўртасида турли адабий, ижодий танловлар, фестиваль ва бошқа тадбирларни ҳам ташкил этади. Хўш, ҳафтада тўртта мактабга бир кунда борадиган ходим шунча вазифани қандай уддалайди? Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари-чи? Ўз ишидан ортиб, олис туман мактабларига ҳар ҳафта қатнай оладими? Бириктирилаётган мактаблар яқин бўлса майли, аммо олис туманлардаги мактаблар-чи? Уларга ким боради?
- Шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорларнинг қайси ҳудудда истиқомат қилишига қараб, ўша тумандаги яқин мактабларга тавсия қиляпмиз, - деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи Тошпўлат Тугалов. – Албатта, ижодкорлар барча мактабларга етмайди, қолганига олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари бириктирилади.
Бундан кўриниб турибдики, олис мактабларга олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари жалб этилади. Уларнинг иш ҳақи ОТМларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўланиши белгиланган. Савол туғилади: бугун олий таълим муассасаларида ўқув хоналари ва ётоқхоналар етишмаётган бир пайтда муассаса мактабларга қатнайдиган ўқитувчилар учун маош ажрата оладими? Ажратмаса-чи?..
Аслида мактабларда очилаётган янги лавозим жиддий ва масъулиятлидир. Бу вазифада шунчаки ишлаб бўлмайди. Асосий иш жойига эга шоир, ёзувчи, журналист ва ОТМ профессор-ўқитувчилари болаларнинг иқтидорини намойиш этишга қай даражада ҳаракат қилади?
Бу билан ижодкорларни айбламоқчи эмасмиз, асло. Шунчаки мактаб директори келмайдиган ходим учун 0,25 ставка иш ҳақи ёзиб, ўзлаштирмайдими, деган савол туғилмоқда.
Яқин кунларгача ўқитувчилар устама олиш учун роса мақола “ёзди”, кимдир ўқитувчи опасига мақола ёзиб берди, кимдир ўқитувчи рафиқасининг ёзмаган мақоласини чиқариш учун таҳририятга пул кўтариб келди, хуллас бундай усул кутилган самарани бермади. Натижада мақола ёзиш ўқитувчилар зиммасидан олиб ташланди. Мактабларда янги таъсис этилаётган ушбу вазифа ҳам ўзини оқлайдими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Биз ўз фикримизни айтдик, холос.
Хуршида Эрназарова,
«Зарафшон» мухбири.