"Мактаблар қишга тайёрми?" Бошқарма расмий муносабат берди
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати Zarnews.uz эълон қилинган "Мактаблар қишга тайёрми?" сарлавҳали мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
Самарқанд вилоятида 1266 та умумтаълим мактаблари 745 та Давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларни қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан таъминлаш муҳим масала ҳисобланади.
Ўтган қиш мавсумидаги аномал совуқ вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги иншоатларнинг иссиқлик тизимига катта талофат етказди. Жорий йилда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда режали ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилдан вилоятдаги 229 та мактабнинг иситиш қозонхоналари кўмирга мослаштирилди. Вилоятдаги барча кўмир билан иситиладиган мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида кўмир захираси яратилди. Шунингдек, синов тариқасида Нарпай, Иштихон, Самарқанд туманидаги мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларнинг иситиш тизими хусусий секторга берилди.
Мақолада "Айрим муассасаларда иситиш қозонлари ва тармоқлар мавсумолди синовдан ўтказилмаган" дейилган. Ушбу жараёнлар айни кунларда вилоят Мактагача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ҳам ўрганилмоқда. Ўрганишлар давомида камчиликлар аниқланган мактабларга илиқ кунлардан фойдаланиб, иситиш тизимини тўлиқ синовдан ўтказиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилмоқда.