Мактаблар қишга тайёрми?
Айрим муассасаларда иситиш қозонлари ва тармоқлар мавсумолди синовдан ўтказилмаган.
Ўтган йил қишда кузатилган аномал совуқдаги ҳолатдан келиб чиқиб, бу йил таълим ва тиббиёт муассасаларини иситишда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, тизимга давлат-хусусий шериклик тамойилини жорий этишга эътибор қаратиляпти.
Самарқанд туманидаги 54 та умумий ўрта таълим мактаби бинолари бу йилги куз-қиш мавсумида шу тизим асосида иситилиши мўлжалланган. Бу вазифани бажаришни ўз зиммасига олган «Бадал қурилиш маҳсулотлари савдо» хусусий корхонаси раҳбари Заршид Адашевнинг айтишича, ҳозирда етарли миқдорда кўмир захираси яратилган. Айни пайтда мактаблардаги мавжуд иситиш қозонларини алмаштириш чоралари кўрилмоқда.
– Шу пайтгача мактаблардаги иситиш тармоқларини кўздан кечириб, зарур юмушларни бажардик, – дейди З.Адашев. – Кўмир сақлаш учун омборлар ташкил қилдик, қозонхоналарни кўриб чиқдик. Энди кўмирга мослашган қозонларни ўрнатишимиз керак. Бу ускуналарни хориждан келтирдик ва бир ҳафта ичида ўрнатиб бўламиз.
Туманнинг Ўзбеккент маҳалласида жойлашган, минг нафарга яқин ўқувчи таълим олаётган 20-мактаб директори Шаҳноза Зоҳидованинг маълум қилишича, таълим муассасаси шу пайтгача табиий газ билан иситилган ва бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаган.
– Бу йилги мавсумдан мактаб тадбиркор томонидан кўмир билан иситилар экан, – дейди Ш.Зоҳидова. – Шу пайтгача ишчилар ички тармоқларни кўздан кечирди, энди кўмирга мослашган қозонлар ўрнатилиши айтилмоқда. Лекин ҳозир ҳеч нарса билмаймиз, бу ўзини оқлайдими-йўқми, вақт кўрсатади. Ўтган йилги аномал совуқ пайтларида ҳам бизда муаммо кузатилмаганди. Иссиқлик тизими барқарор ишлаб турганди. Нима бўлганда ҳам биз учун мактаб иссиқ бўлса, ўқувчиларимиз совқотмай ўқиса бўлди.
Самарқанд шаҳридаги 15-умумий ўрта таълим мактабини иситиш тизими шу пайтгача талаб даражасида ишламагани оқибатида қиш келиши билан муассасани иситиш асосий муаммога айланарди.
– Биномиз катта эмас, бор-йўғи 320 ўринли, – дейди мактаб директори Абдуқодир Алланазаров. – Аммо иситиш қозонлари эскилиги сабабли синфхоналар керакли ҳароратда иситилмасди. Турли идораларга мурожаатларимиздан сўнг ва ниҳоят бу йил 230 миллион сўм маблағ эвазига иситиш тизими тўлиқ янгиланмоқда. Ҳозирда хоналарга тармоқ тортиш ва замонавий батареялар ўрнатиш ишлари якунига етиб қолди. Қурилиш ташкилоти бир-икки кунда иккита янги қозон келтириб ўрнатилишини айтмоқда. Насиб этса, бу йил қишда ўқувчиларимиз мактабда совқотмай ўқийди.
Самарқанднинг Фарҳод шаҳарчасида жойлашган 57-умумий ўрта таълим мактабида 1117 нафар ўқувчи ўқийди. Бино катта бўлса-да, иситишда деярли муаммо йўқ. Ўтган йилги совуқда ҳам табиий газ босими пасайиб кетмаган. Фақатгина 6 та қозондан иккитасини янгилашга тўғри келган ва айни пайтда бу иш якунига етказилган.
Аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга давлат органлари билан бирга нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари ҳам эътибор қаратмоқда.
Жумладан, ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят кенгаши ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси маҳаллий кенгашлар депутатлари билан биргаликда Жомбой туманидаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини ўрганди.
Ўрганиш якунлари бўйича маълумотда қайд этилишича, тумандаги 800 нафар ўқувчи таълим оладиган 56-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби кўмир билан иситилади. Жорий куз-қиш мавсуми учун мактабда 48 тонна кўмир захира қилинган. Аммо кўмир сақлаш учун омборхона мавжуд эмас. Олти дона иситиш қозонхонасида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
21-, 24-, 26-умумий ўрта таълим мактаблари, 15-, 28- ва 31-мактабгача таълим ташкилотларида ҳам зарур миқдорда кўмир келтирилиб, захира қилинган. Айрим муассасаларда иситиш қозонлари ва тармоқлар мавсумолди синовдан ўтказилмаган.
– Ўрганиш якунларини Жомбой туман масъуллари билан муҳокама қилиб, ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз тавсияларимизни бердик, – дейди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамроев. – Мутасаддилар томонидан чора-тадбирлар белгиланиб, камчиликларни қисқа фурсатларда ҳал этиш белгиланди. Бу каби жамоатчилик назорати тадбирлари бошқа туманларда ҳам ўтказилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат).