Мактаблар замонавий қиёфа касб этади

Умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёнлари учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида Ургут туманидаги умумтаълим мактабларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, жорий йилда Инвестиция дастури асосида Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларидаги жами 32 та мактабларда 128,2 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. 2020 йил Инвестиция дастурига биноан қўшимча равишда инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65,0 миллиард сўм маблағ ажратилиб, вилоятдаги 22 та умумтаълим мактабида қурилиш ишлари амалга оширилади.

Айни кунларда Ургут туманидаги 9- ҳамда 27-умумтаълим мактабларида ҳам қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. 9-умумтаълим мактабида “Абдуллаев Муҳаммад Амин” МЧЖ томонидан 300 ўринли қўшимча бино қурилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишларига 1 миллиард 865 миллион сўм маблағ ажратилган.

Тумандаги 27-умумтаълим мактабида ҳам қиймати 6 миллиард 122 миллион 500 минг сўм бўлган мукаммал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Айни пайтда “Мохли Оқла” қурилиш корхонасининг 70 нафар ишчи-ходими меҳнат қилаётган ушбу муассасада қурилиш ва таъмирлаш ишлари жорий йилнинг 1 сентябргача якунланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тумандаги 43-, 74- ҳамда 106-умумтаълим мактабларида ҳам бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.