“Малака оширганларнинг 50 фоиздан ортиғи ўқитиш сифатидан норози” — Президент давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича янги тизим йўлга қўйилишини маълум қилди
Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда шу пайтгача давлат хизматчиларининг атиги 20 фоизи малака оширгани, бу – раҳбарлар кесимида 1 фоизга, ўринбосарлар бўйича эса 5 фоизга ҳам етмагани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, малака оширганларнинг 50 фоиздан ортиғи ўқитиш сифатидан норози. Бу борада таянч муассаса бўлган Давлат бошқаруви академияси энг илғор хорижий тажрибалар асосида трансформация қилинади.
Йиғилишда Президент маслаҳатчиси Сума Чакрабарти видеоалоқа орқали бу борадаги таклифларини баён қилди.
Мутасаддиларга бир ой муддатда:
- хорижий ҳамкорлар ва нуфузли ўқув марказлари билан бирга қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш;
- хорижий мутахассисларни жалб қилиб, янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва йил якунига қадар 5 минг нафар давлат хизматчисини ўқитиш топширилди.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда вазирликлар тизимидаги 110 та малака ошириш маркази фаолиятини қайта кўриб чиқиб, ўқитиш дастурлари ва методикаларини янгилаш, уларга малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлайди.