Малака сертификати эгасига қандай имтиёзлар бор?

Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш жараёнлари энди Самарқандда ўтказилмоқда.

Шу пайтгача бу жараён фақат Тошкент шаҳрида ўтказилар эди. Ҳудудларда ўз билимларини синовдан ўтказиш ва махсус сертификатга эга бўлиш истагидаги талабгорлар сафи кенгаяётгани сабабли имтиҳонлар вилоятларда ҳам ўтказиладиган бўлди. 

Бугун Самарқанд шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактабида ўтказилган тест жараёнларига вилоятдан 21 нафар талабгор иштирок этди. Улардан 16 нафари В2, 3 нафари С1 даража учун инглиз тилидан имтиҳон топшираётган бўлса, 1 нафари немис тилидан В2, яна 1 нафари француз тилидан С1 даража учун синовдан ўтмоқда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси хорижий тиллар методисти Зарифа Ибодуллаеванинг айтишича, 5 босқичда ўтказиладиган сўров жараёнининг ҳар бирида максимал 30 баллдан жами 150 балл берилади. Мавжуд баллнинг 60 фоизидан юқорисини тўплаган талабгорларга малака сертификати берилади. Мазкур ҳужжатга эга бўлган ўқитувчилар қишлоқ жойларда дарс берса ойлигига 30 фоиз, шаҳар мактабларида фаолият юритадиган бўлса 15 фоиз устама тўланади. Сертификат эгаси агар ўқувчи бўладиган бўлса, олий ўқув юртига кириш учун тест синовларида чет тили фанидан имтиҳон топширмайди.

А.Қувондиқова.