Мамлакатимиздаги пенсия ва нафақа олувчилар ҳақида маълумот берилди

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мамлакатда пенсия ва нафақа олувчилар сонини маълум қилди. 

Қайд этилишича, пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимларида ҳисобга олинган пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 824 минг нафарни, яъни аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил қилган. 2020 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 147,2 минг нафар ёки (4 фоиз)га кўпайган.

Шундан, 2 миллион 849 минг нафари (74,3 фоиз)ни ёшга доир пенсия, 386,5 минг нафари (10,1 фоиз)ни ногиронлик пенсия, 189,1 минг нафари (5,0 фоиз)ни боқувчисини йўқотган пенсия олувчи оилалар ва 400,3 минг нафари (10,6 фоиз)ни нафақа олувчилар ташкил қилди.

2020 йилда 333 минг 450 нафар фуқарога янги пенсия ва нафақалар тайинланган.

Пенсия жамғармасининг 2020 йил учун даромадлар режаси 20 триллион 134 миллиард сўм бўлиб, ижроси 20 триллион 592 миллиард сўмни (шундан, солиқлардан ташқари тушумлар миқдори 176,2 миллиард сўмни) ташкил этган.