Мамлакатимизнинг солиқ сиёсатига халқаро мутахассислар эътибор қаратди
Самарқанд шаҳрида Солиқ қўмитаси ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг Кавказ, Марказий Осиё ва Мўғулистон минтақаларида салоҳиятни ошириш маркази (CCАМТАC) билан ҳамкорликда “Рақамлаштириш даврида солиқ қонунчилигига риоя қилиш даражасини ошириш – бугун ва келажак” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтмоқда.
Унда Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикалари солиқ идоралари, йирик аудиторлик компаниялари мутахассислари иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев давлатимизда олиб боралаётган солиқ сиёсати, соҳадаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
— Охирги беш йилда давлатимиз солиқ маъмурчилигида катта ислоҳотлар амалга оширилди, - дейди Мубин Мирзаев. - Хусусан, соҳада IT технологияларининг қўлланилиши ҳам солиқ тўловчиларга, ҳам тизим ходимларига катта қулайликларни яратди. Ўз навбатида бу солиқ ишини юритишда инсон омилини камайтириб, коррупцияни чеклаш имконини берди. Биз бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишимиз керак. Шу маънода семинарни ўзига хос тажриба алмашиш майдони дейиш мумкин. Унда ўтган вақтдаги фаолиятимизга хорижий мутахассислар нигоҳи билан қараб, баҳо бериш, балки йўл қўяётган хато ва камчиликларимизни аниқлаш имкони бор.
Солиқ ва молия ташкилотлари ҳамда CCАМТАCга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик платформаси, дея таърифланаётган тадбир сессияларга бўлинган ҳолда 30 майга қадар давом этади.