Манфаат тантанаси:фуқаро бозордаги камчиликларни айтди, масъуллар буни рад этди. Ким ҳақ?
Таҳририятимизга Каттақўрғон тумани Янгиҳаёт маҳалласида яшовчи Баҳодир Ризаевдан келган шикоят хатида Каттақўрғон шаҳридаги “Деҳқон” масъулияти чекланган жамиятидаги тартибсизлик, ёз фаслида чанг, қишда эса лой бўлиб кетишини билдирган. Хатда келтирилишича, дон маҳсулотлари сотиладиган савдо растасида кийим-кечак савдоси бўлади, деҳқонлар маҳсулотини ташқарида сотади, бозордаги тартибсизликдан машиналар ичкарида туради, нархлар эса ошириб юборилган. Оддий аҳоли эса бозор расталари бўш турса-да бозор ташқарисида маҳсулотини сотишга мажбур бўлмоқда.
Ушбу мурожаатни тегишли тартибда ўрганиш учун Катақўрғон шаҳар ҳокимлигига юбордик. Каттақўрғон шаҳар хокимлиги вакили А.Саматов, шаҳар СЭО вакили К.Назаров, «Деҳқон» МЧЖ раиси И.Илясовлар имзоси билан юборилган жавоб хатида қуйидагилар билдирилган:
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Каттақўрғон тумани Янгиҳаёт маҳалласи Ҳокимоқсоқол қишлоғи 105-уйда яшовчи фуқаро Ризаев Баҳодирга шаҳар хокимлиги вакили А.Саматов қўнғироқ қилиб, унинг мурожаатини ўрганишда қатнашиш учун таклиф этганда у бозорга кела олмаслигини маълум қилди. Шундан сўнг мурожаатчи иштирокисиз хатда келтирилган важлар ўрганилганда бозорда дуккакли (дон) маҳсулотлар сотиладиган савдо павильонида кийим-кечаклар сотилиш ҳолати аниқланмади. Мол гўшти 55-60 минг сўм, товуқ гўшти 16 500 сўм, картошка 3000-3500 сўм, пиёз 950-1500 сўмгача сотилаётганлиги аниқланди. Гўшт маҳсулотларида давлат ветеринария ходимлари томонидан берилган хулосалар мавжуд. Нон ва нон маҳсулотлари бозордаги ҳожатхоналардан 30-40 метр узоқ масофага жойлаштирилди ва тадбиркорга санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолият олиб бориши уқтирилди.