Мантиққа хилоф равишда “бошқача” оқадиган дарёлар
Дарё – қаерларгадир қараб оқадиган сув оқими. "Ҳа-да, дарё бўлгандан кейин оқади-да", дейишингиз мумкин. Бироқ шундай дарёлар борки, улар ғалати ёки ўзгача оқади.
География ва геометрия. Велна ва Вельба дарёлари
Польшада иккита унчалик катта бўлмаган, бир-бирини тўғри бурчак остида кесиб оқадиган Велна ва Вельба дарёлари бор. Бундан ташқари, улар бир-бирига қараб оқмайди ва ҳатто сувлари аралашмайди. Учрашгач, сувлари ажралиб, ўз йўлида оқишда давом этади.
Польшаликлар ҳатто Велнага қизил, Вельбага кўк бўёқ қуйиб бир тажриба ўтказишди. Натижада ҳеч қандай аралашишсиз қизил рангли дарё ўз йўлида давом этди, кўки эса ўз сувларини қизил оқим устидан олиб ўтди. Олимлар бу ҳодисани сув ҳароратининг фарқи ва дарёлар оқими тезлиги билан изоҳламоқда.
Бир томонда овлайсиз, бошқасида пиширасиз. Пуаренга дарёси
Янги Зеландияда жойлашган туб аҳоли – Маори халқи шундай қилади: Пуаренга дарёсининг бир қирғоғида улар балиқ тутишади, кейин кўприкнинг бошқа томонига ўтиб, балиқларни халтага солиб сувга тушириб... пишириб оладилар. Бу ғайриоддий дарёнинг ҳар хил ҳароратли - ўнг қирғоғида совуқ, чап томонида эса қайноқ сувлари бор.
Бу қандай бўлиши мумкин? Жуда оддий – Пуаренга совуқ ва иссиқ булоқ манбаларидан озиқланади, жуда тез оқим туфайли бу сувлар аралашишга вақт топа олмайди, шу сабаб ҳар хил ҳароратли иккита оқим ҳосил бўлади.
Соҳил тошиб.. Хуанхэ дарёси
Хитойликлар бу ўжар дарёга “Аламзада”, “Минглаб бахтсизликлар келтирадиган” ва ҳатто шоирона “Қалбларни эзадиган дарё” каби қандай номларни бермаган дейсиз. Буларнинг ҳаммаси Хуанхэнинг ҳаддан ташқари тез феъллигидан.
Ўз тарихи давомида бу дарё 26 марта ўзанини ўзгартириши ва 1500 мартадан ортиқ тошиб кетиши туфайли катта ҳалокатларга олиб келган. Бундан ташқари, қирғоқларидан тошиб кетишни ўзига одат қилиб олган дарё текисликларга ҳар йили миллиард тоннадан ортиқ балчиқларни олиб келади. Хитойликлар бу миннатли дарёга тавсиф бериб, яна “Хуанхэ суви ичиш учун жуда қуюқ, суғориш учун жуда суюқ”, деб айтишади.
Қатъий жадвал бўйича. Уата-Рике дарёси
Жанубий Америкада маҳаллий аҳоли “тунги капалак” деб номлаган Уата-Рике дарёси бор. Қуёш яшириниши билан дарё туби сувга тўлади ва у барқ уриб Тинч океани томон шиддат билан отилади. Аммо тонг отгач, жавлон уриш барҳам топади, шунда дарёни осонгина кесиб ўтиш мумкин. Қуёш тепага кўтарилган пайтда, Уата–Рике шунчаки йўқ бўлиб қолади.
Бу ерда тасаввуф излаш шарт эмас ва бу ғайриоддий ҳодиса жуда оддий тушунтиришга эга. Дарёни тўлдириш манбаи Анд тоғларининг чўққиларидан оқиб чиқадиган сувдир. Кундузи қуёш нурлари остида эриган қор жилғалар тоғ ёнбағирлари бўйлаб водийга ўз саёҳатини бошлайди. Бироқ улар дарё тубига фақат кечқурун етиб боради. Бутун тун давомида эриган қор Уата–Рикени тўлдиради ва эрталаб захиралар тугаб, булоқлар қурийди ва дарё океангача етиб бормасдан йўқолади.
Албатта, бу ҳолат балиқларга хуш келмайди, шунинг учун тунги капалак тўлиқ жонсиздир.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.