Маржона имтиҳонсиз олий ўқув юрти талабасига айланди

Самарқанддаги 45-умумтаълим мактаби битирувчиси Маржона Самадова шу йил имтиёзли равишда, яъни имтиҳонсиз, грант асосида олий таълим муассасасида ўқиш имкониятини қўлга киритди.

Ушбу имтиёз ёшлар иттифоқи фаоллари учун мўлжалланган бўлиб, уларнинг бу ташкилотдаги жамоатчилик асосида фаолиятига кўра тақдим этилади. Маржона Самадова етти йилки, иттифоқнинг фаолларидан бири.

- Аввал «Камалак»ка аъзо бўлдим, болалигимдан жамоат ишларига қизиққаним туфайли тенгдошларим орасида турли тадбирлар, анжуманларнинг иштирокчиси, ташкилотчиси бўлдим, - дейди Маржона. – Фанларни ҳам ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Рус ва инглиз тилларида бемалол сўзлаша оламан. Ёшлар иттифоқи ҳаётимнинг бир бўлагига айланган.

Бир неча йиллардан бери сардорларга етакчилик қилиб келаётган Маржона республика миқёсидаги қатор танловларда фахрли ўринларни эгаллаган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, ҳар бир вилоятдан бир нафар ёшлар иттифоқи фаоли танлов асосида имтиёзли тарзда олий ўқув юрти талабаси бўлиш имконига эга.

Шаҳноза ХОЛИҚОВА.