Марказий банк 13 та банкка нисбатан санкция қўллади

Ўзбекистондаги 13 та тижорат банклари томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қоидабузарликка йўл қўйилган. Марказий банк матбуот хизматининг хабар беришича, улар орасида Самарқанд банклари ҳам бор.

Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги муассасалари тўлов терминаллари билан таъминлангани, тўловлар қабул қилиниши ва банк карталаридан нақд пул маблағлари берилиши ҳамда терминал орқали тўловларни амалга ошириш ёки пул маблағини нақдлаштириш бўйича хизмат кўрсатилганда банк карта эгасига “PIN-код”ини мустақил теришга имкон яратиб берилгани бўйича назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Хусусан, тижорат банкларининг Андижон, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган муассасаларида назорат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур ҳудудларда айрим банк муассасаларида мижозларга банк карталари орқали хизмат кўрсатишда қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди ва бунга йўл қўйган тижорат банкларига нисбатан белгиланган тартибда санкциялар қўлланилди.