Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Марказий банкда бюрократия йўқ ёки Сўлим қўрғонига банкомат ўрнатилиши масаласи

Бугун қарийб барча корхона ва ташкилотларда (албатта, тўғри ва ҳалол ишлаётган тадбиркорлик субъектларида ҳам) иш ҳақи пластик карталарга ўтказиб берилмоқда. Тўғри, бугунги пандемия шароитида бу жуда керак.

Умуман, нақд пулсиз амалиёт фойдаланувчига ҳам, давлат иқтисодиётига ҳам бирдек фойдали эканлиги ривожланган давлатлар тажрибасида исботланган.

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бу маблағни картада олиб юришда муаммо келтириб чиқармоқда. Негаки, кўпгина туманлар ва қишлоқларда тўлов терминаллари етарли эмас. Табиийки, нақд пулсиз савдо қилолмайсиз ёки хизматлардан фойдаланишнинг иложи йўқ.

Бу муаммо нафақат туманларда, балки Самарқанд шаҳрида ҳам шундоқ бўй кўрсатиб турибди...

Сўлим қўрғонидаги 3 та – Чилқудуқ, Ёшлик, Наврўз маҳаллаларида 1184 та хонадон бўлиб, уларда 1765 оила истиқомат қилади. Маҳалла фаолларининг мурожаат қилишларича, ушбу масканда бирорта тижорат банкининг филиали ёки аҳолига хизмат кўрсатувчи банкоматлар ўрнатилмаган экан.

Шу боис банк хизматларидан фойдаланиш, аксарият ҳолларда пластик картага туширилган пенсия ёки бошқа маблағларни нақдлаштириш учун бир неча километр йўл босиб, Сартепа ҳудудига боришга тўғри келган. Пандемия шароитида автотранспорт воситалари, шунингдек, аҳолининг кўчада эркин ҳаракатланиши чекланиши янада мураккаблик келтириб чиқарган.

Маҳалла раислари ушбу масалани ҳал қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ушбу ҳудуддан халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашига сайланган депутат Ҳусан Тўхтаев билан масалани батафсил ўргандик. Аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳудудга банкомат ўрнатиш юзасидан Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бошқармасига таклиф киритдик.

Бошқарма масъуллари ушбу масалани ўрганишга хайрихоҳлик билдиришди ва маҳалла фаоллари билан боғланиб, учала маҳалла учун энг мақбул бўлган жойга банкомат ўрнатиб беришди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу мурожаат учун бошқарма билан боғлиқ бирорта бюрократик тўсиқлар, масала атрофида гапни айлантиришлар, ҳаттоки, ёзма мурожаатга ҳам ўрин қолдирилмади.

Тўғри, Сўлим қўрғонига ҳозирча биргина “Ҳумо” тизимида ишловчи банкомат ўрнатилди. Келгусида Марказий банкнинг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда “Узкард” тизимида ишловчи яна битта банкоматни аҳоли хизмати учун ўрнатишни кўзлаганмиз.

Шоҳруҳ ЖЎРАҚУЛОВ,

5-Сартепа сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.