Марказий Осиё ёшлар экологик оромгоҳи: Ташаббуслар қўллаб-қувватланди

Самарқанд шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси — "COP-28"га бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ёшлар экологик оромгоҳининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева, БМТ тузилмалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон эко-фаоллари Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Марказий Осиё стратегиясини ишлаб чиқиш учун ўз ташаббусларини таклиф қилдилар.

Тадбир давомида Зироат Мирзиёева ЮНИСЕФ ижрочи директори ўринбосари Тед Чаибан ва ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис билан учрашди.

Учрашувда фондлар ўртасидаги келгуси ҳамкорлик ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.