Корхона-ташкилотларда меҳнат муҳофазаси қандай таъминланяпти?
«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти Самарқанд газ қувурлари бошқармасида «Хавфсиз ва соғлом иш муҳити - меҳнат соҳасидаги асосий принцип ва ҳуқуқдир» мавзусида тадбир ташкил этилди.
28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси давлат техник инспекторлари ва касаба уюшмалари вилоят кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассислари ишчи-ходимларга иш жараёнларида хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, касб касалликларининг олдини олиш, бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар ва шароитлар тўғрисида тушунча бериб ўтди.
- Бу каби тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш инсон ҳаёти учун хавфли бўлган касбларда меҳнат қилувчи ходимларнинг доимо огоҳ бўлишга ундайди, - дейди Самарқанд газ қувурлари бошқармасининг етакчи мутахассиси Феруз Қамариддинов. – Бошқармамизга ишга қабул қилинаётган ходимлар иш йўриқномаси билан таништириш, иш жойларидаги хавфли ва зарарли омиллар, улардан сақланиш учун бериладиган шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, авария ҳолатларида тўғри ва аниқ ҳаракат қилиш бўйича кенг тушунчалар берилиши талаб қилинади. Шунингдек, ишга қабул қилинган ёшларни тажрибали ишчиларга бириктириб қўйиш, “Устоз-шогирд” анъаналарини қўллаш ҳам янги ходимлар кўникмасини оширишга ва ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларни олдини олишга хизмат қилади.
Тадбирда иш фаолиятида қўлланиладиган махсус иш кийимлари, замонавий меҳнат қуроллари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчиларга авария ҳолатларида қандай иш тутиш кераклигини кўрсатувчи машғулотлар намойиш этилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.