Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик тадбиркордан божхона тўловларини тўламаганлиги учун қарийб 7 миллион сўм пеня ундириладиган бўлди

Даъвогар - Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - «My fruct» масъулияти чекланган жамиятидан 13 миллион 619 минг 56 сўм божхона тўловлари (пеня)ни ундиришни сўраган.

Даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, даъво талабларининг миқдорини камайтириб, жавобгардан 6 миллион 979 минг 993 сўм ундиришни сўраган.

Суднинг даъво аризасини иш юритувга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрими почта алоқа бўлими орқали жавобгарнинг манзилига юборилган бўлса-да, суд ажрими жавобгарнинг манзилда топилмаганлиги тўғрисидаги почта алоқа бўлимининг маълумотномасига асосан қайтарилган.

Жавобгарнинг юридик манзили сифатида Самарқанд тумани Ширинобод (Навобод) маҳалласи кўрсатилган. Ширинобод МФЙ томонидан тақдим қилинган далолатномада маҳалла ҳудудида «My fruct» масъулияти чекланган жамияти мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Учинчи шахс «Global Insurance group» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги суғурта ташкилоти ишончли вакили томонидан судга ариза билан мурожаат қилиниб, ишни вакил иштирокисиз кўриб чиқишни сўраган.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 128-моддасига кўра, иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси суд томонидан юридик шахснинг судга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган ажримнинг кўчирма нусхаси олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси судни хабардор қилган бўлса, суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади. Кодекснинг 170-моддасида иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, низо уларнинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин, деб белгиланган.

Шу боис суд ишни жавобгар ва учинчи шахс вакилларининг иштирокисиз кўришни лозим топди.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, ҳисобварақ-фактура (инвойс)лар билан харидор - «My fruct» масъулияти чекланган жамияти номига сотувчи - Покистон Республикасининг «Buraaq Impex» компаниясидан брутто оғирлиги 291 минг 338,3 килограмм мандарин маҳсулоти олиб келинган. Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг 2020 йил 29 январдаги қарори билан божхона юк декларациялари асосида маҳсулотлар «My fruct» масъулияти чекланган жамиятига «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштирилган.

Бунда «Global Insurance group» суғурта ташкилотининг суғурта полиси инобатга олиниб, 1 000 000.000 сўм божхона тўловларини 30 календарь кунидан ошмаган ҳолда кечиктириб тўлаш шарти қўйилган.

«My fruct» масъулияти чекланган жамияти томонидан божхона тўловлари белгиланган муддатларда тўланмагандан сўнг тақдим қилинган суғурта полисига асосан Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси божхона тўловларини ҳисобланган фоизлари билан «Global Insurance group» суғурта ташкилотидан ундириб олган.

Божхона тўловларини «Global Insurance group» суғурта ташкилотидан ундириб олишда муддатлар кечиктирилганлиги сабабли божхона органи томонидан тўлови кечиктирилган кунлар учун 6 миллион 979 минг 993 сўм пеня ҳисобланган.

Суд даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантирди: жавобгар - «My fruct» масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси фойдасига 6 миллион 979 минг 993 сўм божхона тўловлари (пеня) ва 17 минг 840 сўм почта харажати ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, «My fruct» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджети, суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 139 минг 459 сўм давлат божи, Олий суднинг ҳисобрақамига 55 минг 750 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундириладиган бўлди.

Ў.МУРАДОВ,

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди судьяси.