Машҳур ва нуфузли кишиларнинг биринчи касблари
Ҳозир уларни бутун дунё танийди, лекин бир пайтлар улар ўз мамлакатларининг энг оддий фуқароларидан бири ва муваффақият қозониш учун ҳаёт қийинчиликларини бошидан кечирган.
Ёшликда иш топиш жуда қийин, киши камдан-кам ҳолларда биринчи уринишдаёқ ўзи орзу қилган ёки ҳеч бўлмаганда касбига яраша иш топишга муваффақ бўлади.
Хуллас, қуйида ўз фаолиятини бир пайтлар қўшиқчи, фаррош ва бошқа ижтимоий соҳадаги ишлардан бошлаган машҳур кишилар билан танишамиз.
Барак Обама – официант
У Гонолулудаги Baskin Robbins қаҳвахоналарининг бирида музқаймоқ сотувчиси ва официант бўлиб ишлаган. “Гарчи у ердаги одамлар бироз инжиқроқ бўлса-да, бу жуда зўр иш эди, уларнинг аксарияти парҳезда бўларди”, сўзлаб берди Обама.
“Жаноб Смит кўпроқ туз истайди ва сиз унга: - Кечирасиз, жаноб, лекин сизга шўр овқат мумкин эмас”, деб айтасиз.
Ангела Меркель – буфетчи
Лейпцигдаги Шарқий Германия университетининг квант физикаси бўлими талабаси бўлганида, бўлажак канцлер-олим буфетда ишлаган. “Менга ҳар бир сотилган стакан учун қўшимча 30 пфенинг тўланарди”, - деди Меркель биографга. “Шу тариқа ҳафтасига 20 дан 30 маркагача ишлаб олардим, бу эса менинг ижарада турган хонам учун пул тўлаб боришимни деярли қопларди”.
Дмитрий Медведев – кўча супурувчиси
Россиянинг собиқ бош вазири талабалик чоғида кўча тозалагани ва мукофотлар билан бирга қўшиб олганда, бор-йўғи 120 рубль ишлаб топганини айтган. “Мен ҳаётимнинг бу даврини яхши кўрардим”, деди у 2012 йилда.
Сильвио Берлускони – круиз кемаси қўшиқчиси
Италия собиқ бош вазирининг айтишича, унинг круиз кемаси бошловчиси ва эстрада қўшиқчиси сифатидаги биринчи иш тажрибаси кейинчалик унга омма билан ишлашда қўл келган.
Майкл Хиггинс – официант
Ирландия президенти камбағал оилада туғилган, лекин Голуэй университетида ўқишни орзу қилган. Оиласининг қаршилигига қарамай, Англиянинг Сассекс шаҳрига кўчиб ўтди ва у ерда мактаб учун пул тежаш мақсадида официант, сомелье (вино сотиб олиш ва сақлаш мутахассиси) бўлиб ишлаган. Ўша пайтда ёш Хиггинсни таниган журналист дўсти уни “жуда дилкаш, ақлли ва сезгир одам” деб таърифлаган.
Стивен Харпер – почта бўлими ёрдамчиси
1978 йилда Торонто университетидан ишдан бўшатилгач, Канаданинг собиқ ҳукумат раҳбари “Империал Ойл” компаниясига ишга кирди. Кейинчалик Харперни хўжайини уни ниҳоятда интилувчан, масъулиятли, меҳнаткаш йигит сифатида эслади.
“Менинг ташкилотимдаги ёрдамчим Стивен Харпер эди, - деди у. – Стивен ўзига топширилган вазифаларни жуда яхши бажарар, пулларни текширар, жўнатма ва бошқа нарсаларни ўз вақтида етказиб берарди”, деди у.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.