Масъуллар тадбиркор ҳузурига борди
Самарқанд туманидаги “Агромир” қўшма корхонасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси масъул ходимлари, бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори аҳамияти, унда белгиланган вазифаларни амалга оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритилди.
Айни пайтда вилоятимизда мавжуд 1500 дан ортиқ озиқ-овқат саноати корхоналарининг 1431 таси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу йўналишда 242 та корхона ташкил этилган. Ўтган йил вилоятда 2 миллион 315 минг тонна мева-сабзавот ва узум етиштирилиб, унинг 12,5 фоизи (290 минг 100 тонна) қайта ишланган холос. Бу борадаги ишларни такомиллаштириш, мева-сабзавот ва узумни қайта ишлашни ташкил этиш мақсадида 2019 йилда тегишли давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 168,3 млрд сўмлик 22 та лойиҳа амалга ошириш белгиланган. Бугунги кунда Жомбой, Иштихон ва Ургут туманларида 6 та (умумий қиймати 15,8 миллиард сўмлик) лойиҳалар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги қарорида эса вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 193,7 миллиард сўм бўлган 18 та лойиҳани амалга ошириш ва 57 минг 650 тонна янги қувватлар яратилиши белгиланган. Ушбу лойиҳаларни муддатида амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борилмоқда.
Учрашувда қарорда белгиланган лойиҳалар ташаббускорлари, шунингдек, вилоятдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи ёки шу истакда бўлган тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятлари билан боғлиқ масалалар юзасидан масъулларга мурожаат қилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов иштирок этди.