“Матиз йўлда юрган туяни уриб юборди, туя жойида ўлди” сарлавҳали видеолавҳа ўрганилди
Жорий йилнинг 21 апрель куни ижтимоий тармоқларда “Тошкентда Матиз йўлда юрган туяни уриб учирворди, туя жойида ўлди” сарлавҳали видеолавҳа тарқатилди.
Видеолавҳадаги ҳолат ИИВ томонидан ўрганилди.
Маълум бўлишича, 2019 йил 11 июнь куни соат 23:45 ларда ҳайдовчи С.К. фуқаро Д.Л.га тегишли “Matiz” русумли транспорт воситасини тегишли меъёрий ҳужжатларсиз Тошкент шаҳар, Бектемир тумани ҳудудида Олтинтопган кўчаси бўйлаб, Бектемир шоҳ кўчаси томонга бошқариб кетаётиб, ҳаракат давомида “Кока-кола” биноси қаршисида йўналиши бўйича олдинда ҳайдовчига нисбатан қарама-қарши юриб келаётган она туяни уриб юбориб, ҳодиса жойида ўз вақтида тўхтамай, ҳаракатда давом этиши оқибатида йўлнинг ўнг қаторидаги иккинчи туяни ҳам уриб юборган ва транспорт воситаси ағдарилган.
Натижада, ҳайдовчи С.К. тан жароҳати олиб шифохонага мурожаат қилган. Урилган биринчи туя жароҳат олган, иккинчи туя ҳодиса жойида ўлган.
Туялар фуқаро М.К.га тегишли эканлиги аниқланиб, боғлаб қўйилган жойидан бўшалиб, автомобиль йўлига чиқиб қолганлиги маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар, Бектемир тумани маъмурий судига юборилган.
Жорий йилнинг 7 январь куни Бектемир тумани маъмурий суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан фуқаро С.К.га нисбатан БҲМнинг 5 баравари, фуқаро Д.Л.га нисбатан БҲМнинг 3 баравари ва туялар эгаси М.К.га нисбатан БҲМнинг ½ қисми миқдорида жарима жазоси тайинланган.