Мавлон Жўрақулов – таниқли археолог олим, заҳматкаш устоз, дилкаш мураббий

600 йиллик тарихига эга Самарқанд давлат университети ўзининг бир неча илмий мактаблари билан машҳур. Ана шундай пешқадам мактаблардан бири археология мактабидир. Бугун СамДУда ушбу мактабнинг асосчиларидан бири ва илғор вакили, таваллудига бу йил 90 йил тўлган Мавлон Жўрақулов хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтади.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Марказий Осиёда илм ва маърифатнинг йирик марказларидан бири бўлиб, Мирзо Улуғбек асос солган Академиянинг муносиб вориси сифатида мағрибу машриқда машҳурдир. Шунингдек, Самарқанд давлат университети юртимиз равнақи учун хизмат қилган кўплаб машҳур олим, фан ва жамоат арбобларини етиштириб берувчи маскан ҳисобланади. Тарих фанлари доктори, профессор Мавлон Жўрақулович ана шундай фидойи олимлардан саналарди.

М.Жўрақулов бутун ҳаётини илм-фанни ривожлантириш, ёш авлодни тарбиялашга бағишлаган. Олим ўзининг 55 йиллик илмий фаолияти давомида археология соҳасида муҳим тадқиқотларни амалга ошириб, Марказий Осиё халқлари тарихига оид муҳим илмий хулосалар яратди. Унинг Ўзбекистоннинг дунё маданияти тамаддунидаги ўрни мавзусига оид мақолалари, тадқиқотларидан ҳозирда кўплаб хорижий илмий марказлар ҳамда олийгоҳларда фойдаланилади.

М.Жўрақулов 1960 йил Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини битириб, умумий тарих кафедраси ассистенти ва 1960-1963 йилларда Самарқанд давлат университети аспиранти, 1968-1971 йилларда Самарқанд давлат университети умумий тарих кафедраси доценти, кейинчалик археология кафедраси мудири бўлиб фаолият кўрсатди.

Олимнинг ташкилотчилик фаолияти тарих факультетига декан бўлган пайтларда аниқ билинди. Мен домланинг олим, археолог сифатидаги фаолиятига эътибор қаратиб, у кишининг илмий тадқиқотларига тўхталиб ўтмоқчиман. Домла 1967 йилда “Ўрта Осиёда тош асрини ўрганилиши” мавзусида номзодлик, 1992 йилда “Зарафшон ҳавзаси тош асри маданияти” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Домла 550 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп ишлари, шу жумладан, 12 монография, 20 дан зиёд ўқув қўлланма ва 2 та дарслик муаллифидир. М.Жўрақулов раҳбарлигида 6 нафар фан номзоди, 1 нафар фан доктори ишлари ҳимоя қилинган.

Зарафшон водийсининг энг йирик археологик ёдгорликларида фундаментал тадқиқотлар ўтказди ва ибтидоий давр маданиятига доир қатор илмий асарлар яратди. Тадқиқотларининг умумий кўлами шундан иборатки, Зарафшон ҳавзасида қадимги инсон жамоалари томонидан яратилган ва бизгача моддий маданий мерос сифатида етиб келган маданият цивилизация сари интилиб яшаган қадимги ўтмишдошларимизнинг ақл-заковати билан туб, маҳаллий асосда яратилган тарихий меросдан иборатдир, деган муҳим тарихий хулоса қилинди.

Аслида, цивилизациянинг кўҳна илдизлари одамзоднинг ўзлаштирувчи хўжаликдан тирикчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, ўтроқ яшашга ўтиб, дастлабки деҳқончиликнинг кашф қилиниш жараёни билан боғлиқ ҳолда кечган. Бундай дастлабки ўтроқ деҳқончилик илгарилари Марказий Осиёда фақат Жанубий Туркманистонда Жойитун қишлоғида яшаган уруғ жамоаларда вужудга келган, деган тасаввурлар ҳукм сурарди. Олим Самарқанд давлат университети илмий экспедициясига раҳбарлик қилиб, олиб борилган археологик тадқиқотлар туфайли Қоратепа тоғи массивлари таркибига кирувчи Сазағон қишлоғи атрофларидаги дара сойлар қирғоқларида бундан IV-IV минг йиллар аввал яшаган уруғ-жамоалари кулбалар қуриб, ўтроқ яшашга ўтганлигини илмий асосланишига бошчилик қилди. Бу жой аҳолиси зироатчилик, уй чорвачилиги, кулолчилик, тўқимачилик хўжаликларини кашф қилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш маданиятини ўзлаштирган жамоалардан бўлганлиги ҳақидаги илмий хулосани биринчилардан бўлиб Мавлон Жўрақулов илмий жамоатчиликка етказган эди. Шунингдек, у кўп йиллар тадқиқотлар олиб бориб, Самарқанд шаҳрида жойлашган сўнгги палеолит даврига оид “Самарқанд макони”нинг Марказий Осиёдаги шу даврга оид эталон ёдгорлик эканлигини илмий асослаб берди. Мазкур илмий тадқиқот натижалари соҳа мутахассислари томонидан жаҳон миқёсида тан олинди ва ҳозирги кун тадқиқотчилари минтақа сўнгги палеолит даври археологиясини ўрганишда бевосита Мавлон Жўрақулов томонидан яратилган илмий асарларга қайта-қайта мурожаат қилишмоқда.

Домла ёш авлодга меҳрибон устоз ҳисобланарди. У киши ёш авлодни замон талаби асосида тарбиялаш, уларнинг ватанимизга етук кадрлар бўлиб етишига алоҳида эътибор қаратган. У киши билан қурилган суҳбатлар, домла томонидан берилган насиҳатлари ҳаётий тажрибалари ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. У тарбиялаб етиштирган шогирдлари орасида қатор фан номзодлари, докторлари, доцент, профессорлар, Олий ва ўрта махсус таълим фидойилари, фан, жамият, давлат арбоблари бор. Бу эса Мавлон Жўрақуловнинг илм-фанга, олий таълим тараққиётига қўшган муносиб ҳиссасидан гувоҳлик беради. Домла новатор педагог ва бетакрор нотиқ эди. Дарслари жуда қизиқарли, жонли, кўргазмали бўлиши билан бир қаторда маърузалари ватанпарварлик, мустақиллик ғоялари руҳияти билан суғорилган бўларди.

Домла бир неча йиллар университетда кафедра мудири, декан, проректор, ректор вазифаларида фаолият кўрсатиб, университетнинг тараққиётига катта ҳисса қўшганди.

Профессор Мавлон Жўрақуловичнинг олий таълимни ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ғоялари руҳияти асосида тарбиялашдаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Хусусан, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони соҳиби бўлди.

Oдил Эргашев,

СамДУ доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).