Мавлуда (Тошпўлатова) қизимга
ОЧИҚ ХАТ
“Қизим” дейми, “синглим” десаммикан? Ёшим, ҳаётий ва адабий тажрибамни ҳисобга оладиган бўлсак, иккала ҳолатда ҳам ҳаққим бор, деб ўйлайман. Менга кўпроқ “қизим” қулайроқ.
Сизнинг Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг оқсочларни тайёрлаш ҳақидаги фикрига куйинчаклик билан ёзган “пост”ингизни ўқидим. Очиғини айтаман, менда яхши таассурот қолдирмади, она қизим. Саёз ва шаллақилик оҳанглари сезилади. Кўпчиликнинг эътиборини Э.Турдимовнинг “оқсоч” деган сўзи тортган. Мен сизнинг ўша кўпчиликка ўхшамаслигингизни истардим. У сиз каби тажрибали журналист, сўзни заргарона ишлатадиган филолог эмас. Касби бошқа, соҳаси бошқа. Журналист дегани фақат сўзни эмас, унинг орқасида турган маъно-моҳиятни кўра билмоғи керак. Ҳоким нима демоқчи ўзи? Мақсади нима? Сиз ёзганингиздек, жа унчалик фашист, қонхўр эмасдир? Менинг профилимга кирсангиз, “Жўжанинг биографияси” деган “пост” бор. У ердаги гапларни такрорлаб ўтирмайман. Афтидан, сизнинг ёзганларингиз ҳам “жўжанинг биографияси” бўлган кўринади.
Ҳаммамизнинг онамиз оқсочлик қилган. Ёшлигингизни эсланг. Оёғимизга тикан кирса ҳам онамизга югуриб борардик. Ваҳоланки, унинг тиббий маълумоти бўлмаган. Ҳам тарбиячи, ҳам ўқитувчи, ҳам ошпаз, ҳам тикувчи, ҳам ямоқчи, ҳам ҳамшира, маникюр-педикюр ҳам қилиб кетаверади, эҳ-ҳе, онамизнинг вазифаларини санай кетсангиз қоғоз етмайди. Бу ҳам етмагандай хотинлик вазифаси ҳам бор!
Уйимизда битта бешик бўларди – ҳаммамиз, етти ака-ука шу бешикдан чиққанмиз. У ҳеч қачон бўш бўлмасди. Онамиз бечора йил оралатиб туғардилар. Э.Турдимов шу оқсоч қиладиган ишнинг бир қисмини бошқа оқсочга олиб бериб, оналаримиз ва аёлларимизнинг ишини бироз енгиллатмоқчи бўляпти. Кўчадан келган оқсоч бу юмушларни малакали, юксак профессионал даражада ва моҳирлик билан бажара олиши учун қаердадир ўқиши, малака ошириши керакми? Бола розеткага мих тиқиб, ток урганда нима қилиш керак, куйганда қандай биринчи ёрдам бериши керак, пишир-куйдирга уқуви қанақа – буларнинг ҳаммасига ўқитиш-ўргатиш керак. Бунинг нимаси ёмон?
Ҳа, яна бир гап. Сизнинг ёзганларигиздан шу нарса тушуниладики, гўё бутун ўзбек хотин-қизларидан оқсоч тайёрлаб, ўрисларнинг кетини артишга Россияга ва бошқа давлатларга жўнатиладигандай. Ҳамма олий ўқув юртлари фақат ва фақат оқсоч тайёрлаш билан банд бўладигандай. Консерватория ҳам, Санъат институти, ТошМИ ва ЎзМУда нуқул оқсочлар тайёрланади! Сизнингча, шундай бўлиб чиқяпти-да, онаш қизим. Ваҳоланки, ҳоким уйда ўтириб қолган, бирор касб-кори йўқ, лекин оила бюджетига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган миллион-миллион аёлларни назарда тутган. Фикри ўткир, идроки тиниқ одам зоти борки, Эркинжон Туримовнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Эҳтимол, “оқсоч” сўзи ўрнига “уй бекаси” деб ишлатармиз. Ахир, юқорида айтганимдек, анкета тўлдираётганимизда онамизни “уй бекаси” деб ёзамиз-ку. Касалхоналарда ҳам хўжалик ишларига масъул ходимани “сестра-хозяйка”, “бека-ҳамшира” дейилади.
Мавлуда қизим, фикримга қўшиласизми-йўқми – ихтиёрингиз. Лекин, ўзгаларнинг фикр-мулоҳазасига бағрикенгроқ бўлганингиз дурустми, деб ўйлайман.
Нимададир дилингизга озор етказган бўлсам, шарти кетиб-парти қолган бир қарияни кечирасиз, деган умиддаман.
Шароф Бошбеков.