Махсус электрон реестрда коррупционерлар рўйхати юритилади

Мазкур электрон реестрга киритилган шахсларга эса қуйидагилар тақиқланган:

➖ давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;

сайланадиган ва тайинланадиган лавозимларга номзод кўрсатиш;

➖ жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларга аъзо бўлиш;

➖ давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиш;

➖ давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилот ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик қилиш. 

Янги Наманган туман прокуратураси терговчиси, 2 даражали юрист Ойбек Тожибоев коррупционерлар электрон рўйхати ва ва бу иллатга қарши курашиш хусусида фикр билдирди. 

 Ҳеч биримизга сир эмаски, коррупцияга қарши тўхтовсиз кураш олиб борилмас экан, ҳар қандай давлатда илм-фан, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, банк-молия, суд-ҳуқуқ, давлат бошқаруви ва бошқа инсон манфаатлари мавжуд барча соҳаларда илдиз отиб кетиши ва мамлакатни ич ичидан емириб ҳалокатга етаклаши турган гап.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Айтиш жоизки, коррупция инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг қўпол равишда бузилиши ёки учинчи шахслар мақсадига етиши эвазига кимнингдир ҳуқуқлари паймол бўлиши билан кечади.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда кўплаб 

сай-ҳаракатларнинг амалга оширилаётганлигини кўришимиз мумкин. Бу борада амалга оширилган муҳим ишлардан бири сифатида 2008 йилда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Конвенция”нинг ратификация қилинганини кўрсатишимиз мумкин. 

Шунингдек, бир неча йилларки, коррупцияни таг-томири билан қуритиш, соҳаларни ундан ҳалос этиш, унинг асоратларини бартараф этиш мақсадида 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг бевосита асосига айланиб келмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидир. Қонунда коррупция тушунчасининг асл моҳияти, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари, уларнинг ваколатлари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги кабиларга тўхталиб ўтилган.

2019 йилнинг 29 майида “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилиниши билан ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш, суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш, коррупция ҳуқуқбузарликлари тўғрисида давлат органларига ахборот бериш меҳанизмларини такомиллаштириш бўйича чоралар белгиланди;

Яна бир муҳим ҳужжат “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони. Фармоннинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдин олиш тизими самарадорлигини ошириш, жараёнга кенг жамотчиликни жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантиришга қаратилган.

Фармон асосида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилиши белгиланди. Реестрга киритилган шахсларга эса қуйидагилар тақиқланган:

- давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;

- сайланадиган ва тайинланадиган лавозимларга номзод кўрсатиш;

- жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларга аъзо бўлиш;

- давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиш;

- давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилот ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик қилиш.

“Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилиниши билан давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупцияни олдини олиш юзасидан янги амалиётларнинг жорий этилиши, “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида давлат хизматчиларининг мунтазам равишда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларини ўқитиш лозимлиги белгиланди.

Бундан ташқари, коррупцияни жиловлаш соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сирасига назар ташлаганда, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги муҳим қонунларни ҳам санаб ўтиш жоиздир.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга биноан, давлат харидларини асосий принциплари сифатида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупцияга йўл қўймаслик кабилар белгиланган. Қонуннинг 13-моддасига кўра, давлат харидларида коррупцияга йўл қўймаслик:

  инсофли рақобатни ва қарорлар қабул қилиш чоғида холисона мезонлардан фойдаланилиш;

  мониторинг ва назорат ўтказишни, шу жумладан ички мониторинг ва назорат ўтказишнинг самарали тизими яратилиши;

  давлат харидлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳоллари тўғрисидаги маълумотлар ахборотнинг очиқ манбаларида эълон қилиб борилиши;

  давлат харидлари тартиб-таомиллари Қонунда белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилишини таъминлаш йўли билан амалга оширилади.

Жорий йилнинг 8 августида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан соҳада хизмат қилувчи ходимлар фаолиятида коррупцияни олдини олишга қаратилган қоидалар белгиланди, дейиш мумкин. Хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар берган тақдирда, давлат ҳимояси билан таъминланиши, давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга олиб келиш мумкин бўлган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликнинг олдини олиши шартлигининг ҳуқуқий асоси қабул қилинди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар йилс айин такомиллашиб бормоқда, аммо коррупцияни олдини олиш қабул қилинган қонун ҳужжатларининг амалиётда қўлланилишини таъминлаб берувчи аниқ механизмлар яратилишини талаб этади. Бинобарин, коррупцияни йўқотиш ва унга қарши курашиш ҳужжатлар билан қанчалик тартибга солинмасин инсон омилига бориб тақалиши табиий. Бу эса,жамоатчиликдан, ҳар биримиздан коррупция дея аталмиш иллатни вақтида пайқаш, ўзи ва яқинларини ундан ҳимоя қилиш, айниқса, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик каби инсонийлик бурчлари адо этилишини талаб этади, дея хабар бермоқда УЗА.