Мбути - ер юзидаги пакана одамлар қабиласи

Ер юзидаги барча инсонлар бир ота ва онадан тарқалган бўлса-да, эволюция туфайли улар турли шакл-шамойилга, ранги, бўйи ва бошқа ўзгаришларга учраган экан. Жаҳондаги энг паст бўйли одамлар - пигмейлар ҳам бундай ўзгаришларга дуч келган бўлса, ажабмас.

Аммо паст бўйли пигмейлардан ҳам паканалари бор экан. Уларни мбути қабиласи деб аташади. Улар асосан Конгонинг Итури вилоятида, инсон қадами етмайдиган қалин ўрмонлар орасида умргузаронлик қилишади. Қабила эркакларининг бўйи 140 сантиметр бўлса, аёллариники 130 сантиметрга етади. Улар мутлақо тош асри замонидагидек кун кечиришади.

Мбутилар замонавий ҳаёт, цвилизация ҳақида тасаввурга эга эмас. Улар фақат яшаб қолиш учун ҳаёт кечиришади. Уларда бошқа қабилага қиз бериш тақиқланган.

Европалик шифокорларнинг тадқиқотлари паканалик мбутиларга хос бўлган одатий ҳолат эканлиги аниқлади. Уларнинг бўйи ўсишига тўсиқ бўладиган бирорта касаллик ёки сабабни топишолмади. Овқатлари экологик тоза маҳсулотлардан – резавор мевалар, қўзиқорин, ёнғоқ, ўсимликлар томирларини истеъмол қилишади. Шунингдек, ёввойи ҳайвонлар гўшти ва балиқларни севиб тановул қилишади. Деҳқончилик қилиш ва уй ҳайвонлари сақлаш улар одатига хос эмас.

Қабила мунтазам овчилик билан кун кечиради. Бир кунлик овда нимани келтирсалар бир кунда ейилиб кетади. Эртаси куни барча эркаклар яна овга чиқишади. Улар олов ёқишни, таёқлар ва йирик барглардан бошпана қуришни ўрганиб олишган. Овга чиққанларида ўз қурбонига билдирмасдан биқиниб боришни қойиллатишади. Каттароқ ҳайвон дуч келса, уни учи куйдириб ўткирланган найзалар ёрдамида ўлдиришади. Майдароқ ўлжаларни эса ўқ-ёй ва калтаклар билан уриб йиқитишади. Балиқларни ўсимлик заҳри билан «тинчитиб», кейин қўл билан ушлашади.

Қуриган ўсимлик баргларидан қилинган кийим кийишади. Айрим қабила аъзоларида сайёҳатчилар томонидан совға қилинган кийим-кечаклар ҳам учраб туради.

Олимлар узоқ вақтлардан бери мбутиларнинг бўйи пастлигига сабаб уларнинг одам ўтиб бўлмас ўрмон (жунгли)ларда яшаётганлиги учун мослашган деб ўйлашади. Чунки улар лиан, яъни ер сатҳи бўйлаб ўсадиган йирик ўсимликлар ва йиқилган дарахтларнинг остидан тезкорлик билан ўтишга қулай бўлиш учун мослашган.

Қабилада бошлиқ йўқ. Аммо барча аъзолар ўз мажбуриятларини ёшига ва жинсига қараб бажаришади. Топиб келинган озиқ-овқат ёки ўлжа барчага тенг бўлинади. Лекин ҳар бир мбутининг қабила ривожига қўшган ҳиссаси инобатга олинади. Қабила аъзоларининг ўртача умр кўриши 40 ёш. Асосан ёввойи ҳайвонлар ва заҳарли илонлар томонидан қилинган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлишади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.