Мебелчилик фаолиятини бошлаш, кенгайтириш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилади

Ўтган йили мебелсозлик йўналишида 920 та янги корхона иш бошлади. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

- Буни каррасига ошириш учун қатор масалаларни ҳал қилиш зарур, - деди Президент. - Масалан, мебель маҳсулотларининг 25-30 фоизи хонадонларда тайёрланяпти. Уйдаги ишлаб чиқаришдан саноат босқичига ўтишга интилаётган мебелсозлар кўп.

Шу боис, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи олиб, мебель ишлаб чиқаришга рухсат берилади. Ушбу фаолиятни бошлаш, кенгайиш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилади.

Олтинкўл ва Хонқадаги “Мебелчилик маркази”да 100 дан зиёд корхона замонавий ускуналар ўрнатиб, мебель ишлаб чиқармоқда. Олдин уйидаги тор жойда мебель ясаган тадбиркорлар ҳозир яхлит комплексга жойлашиб, кластер тизимида ишлаяпти.

Шароф Рашидов, Янги Наманган, Паст Дарғом, Ўртачирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепада ҳам Хонқа тажрибаси асосида мебелчилик марказларини ишга тушириш топширилди.