Меҳнат бозорида ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш учун қандай амалий ишлар қилиш керак?

Бугунги кунда ишсизликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш муаммолари долзарблигича қолмоқда. 1998 йилдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, меҳнат ва бандлик соҳасидаги айрим муаммоларни ҳал қилишга қаратилган нормалар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, республикамизда аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашнинг қонуний асосини такомиллаштириш мақсадида янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Янги қонун тўғридан-тўғри амал қиладиган хусусиятга эга бўлиб, соҳага доир мавжуд 3 та қонун, иш билан бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид қабул қилинган 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнгги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида ифода этган.

Янги қонунда биринчи марта иш билан бандлар мақоми тўлиқ баён этилган. Улар қаторига меҳнат шартномаси бўйича ҳақ эвазига тўлиқ ёки тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ишлаётганлар билан бирга ўзини иш билан мустақил равишда таъминлаётган фуқаролар, шу жумладан ҳунармандлар, оилавий корхоналарнинг иштирокчилари, деҳқон хўжаликларининг, ишлаб чиқариш кооперативларининг аъзолари, фермер хўжаликларининг аъзолари, ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинган шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) фаолиятни амалга оширувчи бошқа шахслар, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳамда ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларида, шу жумладан диний ташкилотларда ишлаётган фуқаролар ҳам киритилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ишга жойлаштириш бўйича агентлар ҳамда аутстаффинг хизматларини кўрсатувчи иш берувчиларнинг соҳадаги вазифалари алоҳида моддаларда белгиланди.

Ишсизларнинг, хусусан, ёшларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ва хорижий тилларга ўқитиш, шунингдек, белгиланган тартибда хорижга вақтинча ишга жойлашиш учун кетаётган фуқароларни олдиндан мослаштириш, шу жумладан, уларни касб-ҳунар, тадбиркорлик ва чет тилларига ўқитиш мақсадида маҳалла, туман (шаҳар) ва ҳудуд марказлари даражасида “маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари — туман касб-ҳунарга ўқитиш марказлари — ҳудуд “Ишга марҳамат” мономарказлари” механизми асосида амалга ошириш ҳамда ҳар бир ҳудудда камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ёки касб-ҳунарга тайёрлаш марказларини ташкил этиш белгиланган.

Марказларнинг асосий вазифалари банд бўлмаган аҳолини сервис ва хизмат кўрсатиш, техника, умумқурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари, рақамли технологиялар бўйича ҳамда ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб юқори бўлган бошқа касбларга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш, хорижий тилларга ўқитиш, тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка ўқитиш, ишчи касбларини ривожлантириш ва оммалаштиришдан иборат.

Ёшларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишда таълим тизими, хусусан, касб-ҳунар коллежлари ва профессионал мактаблар муҳим ўрин тутади. Иш билан банд бўлмаган аҳолини, хусусан ёшларни, касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш бўйича барча зарурий шарт-шароитлар яратилган. Бугунги кунда касбга ўргатишнинг яхлит тизими шакллантирилган бўлиб, ушбу тизим қуйидагиларни қамраб олади:

  • Касб-ҳунар мактаблари: Иш берувчилар талабларига асосан билим ва малака берилади;
  • Идоравий коллежлар: иқтисодиёт соҳаларида жорий этилаётган лойиҳалар асосида яратилаётган иш ўринларига мақсадли равишда ўрта бўғин мутахассислари тайёрланади;
  • Техникумлар: назарий билимлар билан бирга амалий квалификациялар берилади. Шу билан бирга, муваффақиятли тамомлаган талабаларга ўз соҳаси бўйича бакалавриатнинг 2-курсидан бошлаб олий маълумот олиш имкони берилади;
  • Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари: меҳнат ёшидаги аҳолини меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касбларга тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади;
  • Маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари: масканлар касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг филиаллари бўлиб, қисқа муддатларда меҳнат ёшидаги аҳолини меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касбларга тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади;
  • Нодавлат таълим муассасалари: хусусий сектор томонидан фуқароларни касбларга тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади.

Касб-ҳунарга ўқитиш бўйича сўнгги йиллар қатор имтиёзлар ва шарт-шароитлар яратилди, хусусан:

  • иш берувчи талабнома асосида ўқиш ишсиз фуқаролар учун бепул ва ўқиш даврида стипендия ажратилади;
  • 3-6 ойлик ўқув курси якунига кўра битирувчига ўрта-махсус диплом даражасига тенглаштирилган сертификат ва Skills pasport берилади;
  • Ўқув курсларини тамомлаган битирувчига меҳнат органлари томонидан ишга жойлаштириш учун йўлланма берилади;
  • Тадбиркорлик ўқув курсларини тамомлаган битирувчига ўз бизнесини бошлаши учун субсидиялар ажратилади;
  • Битирувчига ўзини ўзи банд қилиши учун эгаллаган касби бўйича меҳнат қуроллари ва жиҳозлари сотиб олиш ҳамда ҳунарманд уюшмасига аъзолик бадалини тўлаш учун субсидиялар ажратилади;
  • Битирувчига тадбиркорлик мақсадида тижорат банкларидан кредит олиш учун махсус тавсияномалар берилади;
  • Агробизнес ўқув курсларини тамомлаган битирувчиларга томорқасида банд бўлиши ҳамда кооперативлар устав фондига улуш сифатида кириш учун субсидиялар ажратилади.

Нурали Арабов,

Самарқанд давлат университети декани,

иқтисод фанлари доктори, профессор.

Шохруҳ Жўрақулов,

кафедра мудири, PhD, доцент.