Меҳрибонлик мияни даволайди
Меҳрибонлик инсон феълининг шунчаки хусусияти эмас, балки ҳаётнинг энг юқори қадриятларидан биридир. Инсонда қоида тариқасида раҳмдилликнинг ихтиёрий равишда намоён бўлиши ва бировнинг ҳаётини яхшироқ қилиш истаги билан бойитилиши бу ҳақиқий инъомдир.
Эзгулик шунингдек, маънавий ва ақлий ривожланишга кўмакдош бўлади.
Олимларнинг инсон миясини ўрганиб, изланишлар олиб бориши натижасида меҳрибонлик ўлчаниши мумкин бўлган қобилият эканлигини исботлашди ва меҳр-оқибат мазмунли, тўлақонли ҳаётнинг асоси, деган хулосага келишди.
Оксфорд ва Лондон университетларининг бир гуруҳ олимлари миянинг қайси соҳаси инсон меҳри ва у билан боғлиқ бўлган барча туйғулар учун жавобгар эканлигини аниқлашга муваффақ бўлишди. Доктор Патриция Локвуд ва унинг ҳамкасблари психологик эксперимент ўтказиб, кўнгиллиларга қайси рамзлар, ҳаракатлар ва тушунчалар ўзлари учун керакли ва қайсилари бошқаларга фойдали эканлигини аниқлашни сўрашди.
Топшириқ пайтида кўнгиллиларнинг мия ҳолати МРТ ёрдамида кузатилди. Эксперимент давомида уларга фаолияти билан боғлиқ бир қатор рамз ва тушунчаларни кўриб чиқиш, ўйлаш ҳамда бошқа одамларга ёрдам беришга қодирлигини баҳолаш талаб қилинарди. Тадқиқотчилар кўнгиллилар миясидаги тегишли соҳа ўзлари ва бошқалар учун қандай ишлашини аниқлаши керак эди.
Иштирокчилар маълум бир фаолият нафақат ўзларига, балки бошқаларга ҳам ёрдам бериши мумкинлигини англаб олганида барчасида миясининг бир хил соҳаси, яъни олд минтақа қобиғи фаоллашгани аниқланди.
Тадқиқотлардан бирида ўспиринларни бир-бирига кўпроқ хайрихоҳ ва меҳрибон бўлишга ўргатишди. Тадқиқотчилар иштирокчиларнинг мия тузилишидаги муҳим фойдали ўзгаришларни қайд этишди. Хусусан, ушбу ўзгаришлар туфайли уларнинг мактабдаги баҳолари яхшиланди, ҳатто иммунитет тизими мустаҳкамланди.
Ҳамдард бўлиш қобилияти туғма эмас, уни ўрганиш мумкин. Меҳрибонлик эса айнан ўз-ўзини яхши томонга ўзгартириш бўйича доимий сайъ-ҳаракатлар натижасидир.
Меҳрибонлик бизни янада бахтли, чиройли ва соғлом қилади. Меҳр-оқибатли бўлайлик!
Баҳора МУҲАММАДИЕВА.