Мен Ватанни қанчалик севдим?

Кўп йиллик педагогик фаолиятим ва кўплаб асарларнинг муаллифи сифатида ўзимни маънавият ва маърифат тарғиботчиси, Ватанни севувчи инсон сифатида ҳисоблаб юрардим. Тарихчи олим Амриддин Бердимуродовнинг “Ватан ҳаққига муножот” китобини ўқиб, бу фикрдан сал ҳаддим пасайди ва аксинча, маънавият-маърифатга, унинг дошқозони бўлган Ватанимга муҳаббатим янада ошди, ўн чандон мустаҳкамланди.

  Аввало, китобнинг ёзилиш услуби ҳақида икки оғиз.

Биринчидан, муаллифнинг Ватан ҳақидаги келтирган маълумотлари бир-биридан қизиқ, бир-бирини тўлдириб ва мустаҳкамлаб боради. Иккинчидан, муаллифнинг ҳар бир фикри, Ватан ҳақида бераётган маълумотлари ҳаётий образларда гавдалантириладики, унинг бош марказида муаллифнинг ўзи эмас, сўзи туради. Ватанни севмоқ мавзусида бундай усулда ёзилган китобларни жуда кам учратасиз. Амриддиннинг ушбу китобини Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома” асарига, унинг ёзилиш услубига қиёслагим келди.

  Китобнинг бошида муаллиф бир касбнинг ёки илмнинг бошини яхши тута олмаган ва натижада Америкага “Грин кард” ютиб кетган ва у ерда пул топиб бойиган бир йигитнинг Ватани ва ватандошларига бўлган беписандлигини кўриб ранжийди. Бошида менга, гўё китоб шундай инсонларга қарата панд-насиҳат тарзида ёзилгандай кўринди. Кейин билдимки, асосий мақсад ундай эмас. Китоб авваламбор, муаллифнинг ўз Ватанига бўлган муҳаббати, аҳду-паймони, севги-каломидир. Ана шу олий тафаккурни, ғояни муаллиф ўша беписанд йигитга тушунтирмоқ, унинг юрагига ўт солмоқ истагида бўлади. Ва муаллиф ўзи билиб-билмаган ҳолда бутун мамлакат халқига, ўзбек миллатига, айниқса ёшларга Ватанни севмоқ нима учун иймондан эканлигини ёрқин мисолларда, жонли воқеаларда, тарих ва замон кўзгуларида очиб беради, равон баён этади ва Ватан ҳаққига муножот қилади!

  Китобда келтирилган асосий ғоялар ва ҳақиқат мазмуни қисқача қуйидагилардан иборатдир.

  Ватан Она каби муқаддасдир! Она эса Ватан каби. Инсон онасини бой ёки камбағаллигига қараб эмас, онаси бўлганлиги учун севади. Бас шундай экан, инсон ўз Ватанини бой ёки камбағаллигига қараб эмас, балки туғилиб ўсган Ватани бўлганлиги учун севиши керак. Ватанни севмаслик эса унга хиёнатдир! Ўз ватанини севмаган одам ҳеч нарсани сева олмайди.

“Ватан, бу – маълум бир ерда яшаган халқлардан авлодларга мерос бўлиб ўтган муқаддас тупроқдир. Биз яшаётган кулба, қаср, қишлоқ ёки шаҳар ҳам шу тупроқдан бунёд бўлган. Шу тупроқ бизни кўтариб туради, ризқ-рўз беради, вафот этганларни ўз бағрига олади”, деб ёзади А.Бердимуродов.

  Тўғрисини айтсам, китобни ўқишим чоғи баъзан кўнглим бўшаб, кўзларим намланди.

  Ҳа, бутун инсоният ва ҳайвонот ҳамда наботот оламининг тирикчилиги ҳам шу тупроқ – ер билан боғлиқдир. Ҳаёт тупроқсиз, сувсиз бўлмайди. Кимки ва нимаики ерсиз яшай олмаса, у шу ер озуқаси – сувсиз ҳам яшай олмайди. Барча ер ости ва ер усти бойликлари ҳам шу Ватанникидир. Шуни билингки, биз севган Она Ватанимизнинг жон томирлари бор. Бу жон томирлар нафақат тупроқ, сув, ҳаво ва қуёш, балки ота-оналаримиз фарзандларига, бобо-бувиларнинг набира ва эвараларига берадиган ўгитлари, панд-насиҳатлари ва ҳикматли сўзларидир.

  “Ватаннинг яна бир жон томири, шу Ватанда яшаётганларнинг инсофли, диёнатли, қаноатли бўлиши, бир-бирини қадрлаб, бор куч-ғайрати, меҳр-муҳаббатини шу Ватанга бағишлагани, ундан озуқа олгани бўлса керак”, деб фикр билдирилади мазкур китобда.

“Ватаннинг навбатдаги жон томири, шу ватандаги эркакларнинг аёлларига бўлган меҳр-муҳаббати, ғамхўрлигидадир. Чунки аёлдан айро Ватан йўқ. Аёлларга, онага, опа-сингилларга, амма-холаларга меҳр кўрсатиш Ватанга меҳр кўрсатиш, уни севишнинг бир туридир. Ватаннинг жон томирларининг яна бири – шу заминда яшаб ўтган улуғ инсонларнинг буюк хизматлари, улар қолдирган ёрқин хотиралари, миннатдор авлоднинг эса уларга кўрсатадиган ҳурмат-эҳтиромларидан озуқа олишидадир. Ва яна ватаннинг жон томири, шу Ватан халқининг урф-одатларига, миллийлигига, Ватан шаънига содиқлигида, ор-номусида, ўзга юртларда бўлиб ҳам ўзлигини, ўзбеклигини унутмайдиган ориятли одамларнинг борлигида, оналарнинг аллаларида, халқнинг куй-қўшиқларида, ўлану-алёрларида, уларнинг оҳангларидан озуқа олишлигида ҳамдир”, деб тушунтиради Амриддин Бердимуродов.

Маҳдуми Аъзам Даҳбедий, “Ватан – инсон қалбига жойлашган бутун бир мамлакатдир” деб ёзган экан. Бироқ, инсон қандай қилиб ва қай ҳолатда ўз қалбига ўша бутун бир мамлакатни, яъни Ватанини жойлаштира олади? Жавоб: қачонки, у Ватанини дилдан севса. Хўш, қачон у Ватанини дилдан сева олади? Жавоб: қачонки, у шу Ватанда ўз бахтини топа олса! Савол: Бахт нима ўзи? Бахт – бу, шу Ватанда туғилиб ўсишинг, тарбия ва таълим олишинг, оила қуриб фарзанд кўришинг, соғлигинг ва касби-коринг, меҳнатсеварлигинг, оилангни, касбингни севишинг, уни ардоқлашинг, қадрига етишинг, садоқатинг, меҳрибонлигинг, майин мулоқотинг ва табассумингдир.

Ватанни севмоқ учун унинг тарихини билмоқ керак. Кимки ўз Ватанининг тарихини билса, унинг сарҳадлари-ю, “сиймосини” тасаввур қилса, аждодларининг кимлигини ва улар шу Ватан учун қандай буюк ишларни амалга оширганини, бизга қолдирган моддий ва номоддий меросини, маданият ва тамаддун асосларини, қадрият ва урф-одатларни билса, тушунса ўшандагина ўзлигини, ўз ҳаққини била олади. Ўзлигини, ўз ҳаққини ва Ватан ҳамда ватандошлари олдидаги бурчини билган одамгина Ватанини сева олади! Ватанини севмаган одам ўзини ҳам сева олмайди. Китобни ўқир эканман, Ватан ҳаққига ёзилган муножот, ҳақиқат менда ана шундай гавдаланди.

Ватанни севмоқ иймондир. Нима учун? Амриддин Бердимуродовнинг китоби бу саволга батафсил жавоб беради ва муаллиф ўзи мисолида Ватанни қандай севмоқ кераклигини ҳам бир йўла тушунтириб беради. Ватанни ҳар ким ҳар хил мадҳ этади. Улар орасида машҳур шоирларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг олдига тушадиганлари топилмаса керак. Бироқ, Ватанни наср услубида мадҳ этишда Амриддин қўллаган услуб бутунлай бошқача.

Ватандошларим, уни ўқинг. Қайта-қайта ўқисангиз ҳам ҳаққингиз кетмайди. Мен китобни ўқиб чиқиб, ўйлаб қолдим. Хўш, мен бир ижодкор педагог олим, меъмор, ёшлар мураббийси сифатида Ватанни қанчалик севдим, фуқаролик бурчим кабими ёки ундан зиёдроқ тарздами? Барчамиз, шоирлар, ижодкорлар, педагоглар, олимлар, арбоблар, ватандошлар Ватанни севамиз деймиз. Шоирлар шеър ёзади, ёзувчилар қисса, роман, олимлар илмий кашфиётлар қилади, тадбиркорлар яратади, бунёд этади... Хўш, мен Ватан учун нима қилдим, уни қандай севдим?

Мен меъморчилик сир-синоатларини ёритишга қаратилган 30 га яқин китоб ёздим. 2 нафар фан номзодини, 8 нафар архитектура фанлари бўйича фалсафа докторини тайёрладим. Китобларнинг қай бирларини талабалар учун, бошқаларини эса ўша талабаларни ўқитадиган домлалар, мутахассислар учун ёздим. Улар орасида илмий-оммабоп тарзда ёзилган оддий халққа, зиёлиларга ҳам мўлжалланган, ўз Ватанини севган, уни улуғлаган, Ватанни деб завқ-шавқли ҳамда изтиробли даврларни бошидан кечирган, заҳмат чеккан улуғ инсонларнинг ўз Ватани, халқи учун бажарган улкан бунёдкорлик, шаҳарсозлик, меъморчилик, эл-юрт ободончилиги, маъмурчилик, боғ-истироҳатчилиги, маданият ва санъат, илму-фан ривожи каби ишларига бағишланган китобларим ҳам бор. Китобларимдаги бу инсонлар Ватанни севишда, уни ардоқлашда, мадҳ этишда ҳаммага намуна бўлган буюк бобокалонларимиз – Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа Темурийлардир.

Менга Ватанни қандай севишни, уларнинг ҳаёти, босиб ўтган ҳаёт йўли, Ватан учун чеккан захматлари ва хизматлари ўргатган. Улар ҳақида “Алломалар олами”, “Улуғбек яратган маънавият”, “Бунёдкор Бобурийлар”, “Темурийлар маънавияти ва маданият”, “Темурийлар архитектураси тарихи” китобларини ёзиб, ўша асарларим узра менда Ватанни севиш ҳиссиёти туғилди. Булар Ватанимни севишим учун биринчи, дастлабки туртки, асос бўлса, иккинчиси, бу Ватанни ўз мутахассислигим, архитектура фани, унинг назарияси ва тарихи, меъморий бинолар типологияси, архитектуравий лойиҳалаш ва композиция асослари, меъморий шакллар гармонияси, ландшафт архитектураси ва дизайни, боғ-паркчилик санъати, меъморий ёдгорликларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича ёзган китобларим, илмий янгиликларим ва кашфиётларим билан севганимдир. Чунки, менга ана шундай ишларни амалга оширишимга шу Ватан макон ва имкон берди. Ва энг асосийси, менинг туғилиб ўсган Она Ватаним – Ўзбекистонни том маънода билишим, кўриб ҳис қилишим, уни танишим бўлди.

Ҳа, мен уни ўз кўзим билан кўрдим, унинг қишлоқлари-ю, шаҳарлари, кенг далалари, боғу-бўстонлари, тоғу-тошлари, сўлим гўшалари, кўлу-дарёлари, саҳро-ю кабирлари, чўлу-даштлари, сарҳадларини, энг муҳими, шу Ватанда яшаб меҳнат қилаётган инсонларни, ёшу-қарияларни, Ватан фидойиларини кўрдим. Улар билан танишдим, дўстлашдим, суҳбатларини олдим. Билдимки, улар мендан яхши одамлардир.

Ва ниҳоят, Ватанни том маънода севиш учун унинг шонли тарихини, қайғули ўтмишини ҳам билмоқ кераклигига амин бўлдим. Мана шунинг учун ҳам, менинг архитектура тарихи бўйича ёзган асарларим Ватан тарихи билан ҳамоҳанг ва муштарак ёзилди. Мана шуларнинг барча-барчаси менинг Ватанимни қанчалик севишимга гувоҳдир. Яна шуни англадимки, сен туғилган, сенинг фарзандларинг, аждодларинг туғилиб ўсган, яшаган ва яшаётган Она Ватанни севишни амалда кўрсатишинг, исботлашинг керак экан. Шунда у сенга ўзлигини чиройини очар ва сенда уни севиш ҳисси пайдо бўлар экан. Амриддиннинг муножотини ўқиб ушбу фикрларни қалбимга такомил этдим.

Амриддин Бердимуродовнинг эссени “Китобимни фақат бир ниятда, табаррук Ватаним – Ўзбекистонни улуғлаш ва улуғлаттириш, севиш ва севдириш, қадрлаш ва қадрлаттириш учун ёздим”, деб тугатади.

Шу ўринда бир таклифим бор. Ҳар йили мамлакатимиз мустақиллиги арафасида “Энг улуғ, энг азиз!” танлови ташкил этилади. Мен ушбу китобни мазкур нуфузли танловга қўйилишини ва албатта китоб ва китоб муаллифи ушбу нуфузли танловнинг ғолиблар сафида бўлишини истайман. Зеро, айнан “Ватан ҳаққига муножот” каби китоблар “Энг улуғ, энг азиз!” танловига қўйилиши ва эътироф этилиши зарур.

Аҳтам Ўролов,

меъморчилик фанлари доктори, профессор.