“Мени кимдир сўраса, онам уйда йўқ, деб айт!”
Яқинда Америкада истиқомат қилувчи дугонам билан телефонда гаплашдим. Салом-аликдан сўнг, қачон Ўзбекистонга қайтишини сўрадим.
- Биласизми, - деди дугонам. – Ўзим ҳам шу ҳақда ўйлаб юрибман, аммо сизга бир нарсани айтишим керак. Бу ерда ҳаёт тарзи бутунлай бошқача. Масалан, мен ўғлимга “Мени кимдир сўраса, онам уйда йўқ, деб айт”, десам ўғлим бу гапимни тасаввурига сиғдира олмайди. “Она, қандай қилиб сизни йўқ, деб айтаман. Ундан кўра, онам уйда, аммо чиқишни истамаяпти дейман”, дейди
Сабаби, ўғлимга Америкадаги мактабида шундай ўргатишган, ёлғон гапиришни билмайди. Энди тасаввур қилинг, ўғлим Ўзбекистонга борса қандай яшайди? Ёлғон гапиришни билмайдиган, тўғрисини айтадиган ходим қаерда ишлай олади? Америкада ташкилот ва корхоналарда ёлғон гапирилмайди, қуруқ ваъдалар берилмайди. Одамлар бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайди. Масалан, мамлакатга коронавирус тарқалгандан буён картамга уч марта 1400 доллардан пул тушди. Рости, бироз муддат ишсиз қолиб, буёғига қандай яшайман, деб тургандим. Америкада истиқомат қилувчи барча фуқароларга ёрдам тариқасида берилган пулларни ҳеч ким “ейишга” урингани йўқ, ея олмайди ҳам. Ҳаммани пули ўзининг картасига тушади. Бу ерда яхши ўқиган, эртага яхши иш топади, яхши маош олади ва яхши яшайди. Шунинг учун ҳам кундузи ишласам, кечқурун ўғлим билан дарс тайёрлайман, доим дарсларини текшириб бораман.
***
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир видеоролик тарқалди. Воқеа Жанубий Кореяда рўй берган. Юк машинаси чорраҳадан бурилаётган пайтда шиша солинган бир неча қути йўлга ағдарилиб кетган.
Йўлдан ўтаётган мактаб ўқувчилари дарҳол синган шишаларни йиғиштиришга тушган ва бир пастда йўлни тозалаб қўйишган. Полиция ходимлари келгунига қадар мактаб ўқувчилари кўнгилли сифатида йўлдаги ноқулайликни бартараф этган.
Жанубий Кореяда ўқувчиларга меҳнатсеварлик, ватанпарварлик ғоялари сингдирилар экан. Биздагидек, “менга нима” деган тушунча йўқ экан. Савол туғилади, агар ўша воқеа бизда рўй берганида, болалар кўчани тозалармиди? Ёки “Болам мени уйда йўқ деб айт”, десак, нима бўлади? Бола “хўп” дейди, албатта. Хўш, нега? Сабаби, ўзимиз болага шундай тарбия берганмиз ва шундай тарбия беряпмиз.
Америкада эса бола кўпроқ вақтини мактабда ўтказгани учун таълим билан бирга тарбия ҳам берилар экан. Бизда эса айримлар мактаб таълим билан, ота-она тарбия билан шуғуллансин, деяпти. Бу нотўғри тушунча. Таълим ва тарбия доим бирга олиб борилиши керак.
Бугун чет элдаги дўстларим ҳаёти билан ўзимизникини солиштирсам, у ердаги тўкин ҳаётга, тараққиётга фақат ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, тўғрисўзлик билан эришилганига гувоҳ бўляпман. Биз эса ёшларимизнинг “оммавий маданият”га эргашиб, олтинга тенг вақтини ижтимоий тармоқларда беҳуда ўтказаётгани ва бундан қандай қутулиш чоралари ҳақида бош қотиряпмиз. Баъзан бош қотирмаяпмиз ҳам, аксинча ёш болани овутиш учун унга мобил телефон бериб қўяяпмиз. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда интернет тармоқлари биздагига қараганда анча арзон ва тез ишлаётган бир пайтда улар ёшларни маънан тўғри тарбиялай оляпти.
Бизда ўқитувчи ўз боласини мактабда дўппослаяпти, кўчада йўловчи таксилар бир-бирига йўл бермай жанжал қиляпти. Ижтимоий тармоқларда таниқли актёр ва хонандалар беҳаё сўзлар билан кимнидир ҳақорат қиляпти. Иккинчи томондан ундан ҳам баттар ҳақоратли сўзлар ёғилган видеотасвир тарқаляпти. Ёшлар улардан ўрнак олиб, “Тик-ток”да аъзо (подписчик)лари сони ошса онасини ўлдиришни айтяпти... Хуллас, миллат ўзини, ўзлигини йўқотяпти.
Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Самарқанд шаҳридаги Даҳбед бекатида автобус кутиб тургандим. Бекатга рақамсиз автобус келиб тўхтади, ҳайдовчи Қорасув массивига кетишини айтди. Бирпасда автобус йўловчилар билан тўлди. Шу пайт 30-рақамли автобус келиб қолди, унинг ҳайдовчиси “Нега менинг йўловчиларимни оляпсан?” деб рақамсиз автобус эгаси билан жанжаллашиб кетди. Жанжални бошқа ҳайдовчилар тўхтатишди. Хуллас, йўлга тушдик, аммо кўп юрмай автобус тўхтади. Ҳалиги ҳайдовчи ортимиздан келиб, жанжални давом эттирди. Кеч бўлганда ишдан, ўқишдан чиқиб уйига қайтаётган йўловчилар сабр билан жанжал тугашини кузатиб турди. Сўнгра нима бўлди денг? Ҳайдовчи бир автобус одамни ортга қайтариб олиб кета бошлади. Одамларнинг норозилигидан сўнг, бир бекат олдинда автобусни тўхтатиб, “Энди тушиб, 30-автобусга чиқинглар”, деди. 30-автобус ҳам биз чиққан автобуснинг ортидан келаётган экан. Мана сизга тартиб-интизом, мана сизга маданият.
Ҳаётимизда бу каби кўнгилсиз воқеалардан истаганча мисол келтириш мумкин. Нима учун одамлар бир-бирини ҳурмат қилмайди, нима учун соҳа ходими ўз вазифасини астойдил бажармайди, нима учун баъзилар белгиланган қонун-қоидалардан четлаб ўтишга ҳаракат қилади? Буларнинг жавоби битта – маънавияти паст кишиларгина тўғри йўл турганда нотўғрисини танлайди ва атрофдагиларга озор беради.
Бугун дунё тан олган буюк алломалар – Алишер Навоий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Форобий авлодлари қалбида маънавий қашшоқлик пайдо бўлмоқда. Хўш, ёшлар қалбидаги маънавий бўшлиқни қандай тўлдирамиз?
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 26 мартда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Бугун маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмаслиги ҳукуматимиз томонидан тан олинди. Айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан, турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада амалий ишлар олиб борилмаяпти. Бунда жаҳон тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди.
Президентимизнинг ушбу қарори айнан халқимиз ва ёшларимиз қалбида маънавий-маърифий баркамолликни оширишга қаратилган. Энди мактабгача таълим ташкилотидан олий таълим муассасаларигача маънавий-маърифий тарғибот ишлари кучайтирилади.
Ушбу қарорга кўра, 2021-2023 йилларда барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари барпо этилади.
Аслида маънавият – иймон, ислом деганидир. Фарзандларимизни иймонли қилиб тарбиялай олсак, яқин келажакда мамлакатимиз тараққиёти ривожланган давлатлар қаторига киради.
Хуршида Эрназарова.