Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мева-сабзавотни қайта ишлашда Италия тажрибаси ўрганилмоқда

Вилоятимизнинг Самарқанд, Жомбой, Булунғур, Тойлоқ ҳамда Ургут туманлари боғдорчиликка ихтисослашган.

Катта майдонларда мевали боғлар ҳамда узумзорлар барпо этилган. Шунингдек, полиз ва сабзавотчилик бўйича ҳам илғор тажрибаларга таянган ҳолда агротехник тадбирлар амалга оширилиб, самарадорлик оширилмоқда.

Ушбу йўналишда соҳани янада ривожлантириш мақсадида халқаро эксперт ҳамда мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик ишлари ҳам самарали йўлга қўйилган. “Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик технологиялари бўйича техник кўмак” лойиҳаси ана шулардан бири.

Мазкур лойиҳанинг теримдан кейинги тадбирлар бўйича халқаро эксперти италиялик Ружжеро Малосси, маҳаллий экспертлар Н.Халилов ҳамда Б.Мирзоҳидов Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти – Самарқанд илмий тажриба станциясида бўлди.

Йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорларимиз расталарини мева-сабзавот маҳсулотлари билан тўлиши, меваларни теримдан кейин қайта ишлаш амалиётларига ҳам боғлиқ. Лойиҳа эксперти Ружжеро Малосси айнан ушбу соҳада кўп йиллик тадқиқот олиб борган тажрибали мутахассислардан бири ҳисобланади.

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти – Самарқанд илмий тажриба станцияси илмий ходимлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари мутахассислари билан ўтказилган семинар-тренингда хорижлик эксперт “Янги узилган мева-сабзавотларни теримдан кейин қайта ишлаш амалиётларига оид талаблар” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.

Маърузада иштирокчиларга мева-сабзавотларни теримдан кейин қайта ишлаш амалиётларига оид барча маълумотлар, тавсиялар кўргазмали слайд шаклида тақдим этилди. Тренингда хориж тажрибалари билан яқиндан танишилди ва ўзаро фикр алмашилди. Келгусида бу каби тренингларни янада кенгроқ аудиториялар ва дала майдонларида ташкил этишга келишиб олинди.

– Мева-сабзавотчиликнинг барқарор ривожланишида маҳсулот етиштиришнинг илғор технологияларини қўллаш, маҳсулотни қайта ишлаш ва сақлашнинг замонавий усулларини жорий қилиш бугунги кунда озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш имконини беради, – дейди илмий тажриба станцияси ходими Ўрмонбек Мирзохидов. – Маълумки, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмолчига тайёр маҳсулот кўринишида етиб боргунча бир қатор технологик жараёнлардан ўтади. Айнан ушбу жараёнларни тўғри ташкил этиш эса маҳсулотнинг сифати йўқолмаслиги, унинг экспортбоп бўлишига хизмат қилади.

Экспорт эса ўз навбатида Ўзбекистон иқтисодиёти учун самарали ривожланиш манбаи саналади. Маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш ва бошқа мамлакатларга сотиш юртимизнинг янада тараққий топиши ва турмуш тарзининг ўсишида муҳим аҳамият касб этади.

Даврон ЖАМОЛОВ.