МИБ: Бир йилда 2,9 триллион сўмлик қарздорлик ундирилди

Вилоят Матбуот уйида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг 2024 йилги фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғи Суръат Жабборов мавзу юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, бу даврда 11,5 триллион сўмлик 1 миллион 217 мингта ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 8,5 триллион сўмлик 785 минг 575 та ҳужжат ижроси таъминланган. Шундан 524 минг 65 таси бўйича 2,9 триллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилган. Хусусан, давлат фойдасига 415 минг 40 та иш бўйича 1,2 триллион сўмга яқин маблағ ундирилиши таъминланган.

- Вилоятимиз ҳамон алимент ундириш билан боғлиқ ишлар бўйича республикада биринчи ўринда турибди, - дейди Суръат Жабборов. – Ҳар ойда ижрога мингтагача ҳужжат келади. Айни вақтда ижрога қаратилган ҳужжатлар сони 40 мингтадан ошган. Ўтган йили 145,2 миллиард сўмдан ортиқ алимент қарздорликлари ундириб берилган бўлса, 123 нафар ундирувчига 1 миллиард 173 миллион сўмга яқин малағ алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилган эди. Афсуски, бу рақамлар муттасил ошиб бормоқда.

Тизимда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунда белгиланган муддатларда ва холисона кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўтган йили бюронинг вилоят бошқармаси тизимига 27 минг 883 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 27 минг 330 таси ҳал этилган. Шундан 16 минг 457 таси қаноатлантирилган, 10 минг 859 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бундан ташқари, иш ҳақини ундириш билан боғлиқ 157 та ҳужжатнинг ижроси таъминланиб, 1,8 миллиард сўмлик иш ҳақлари ундириб берилган.