МИБ: Қарздорлик бартараф этилганлиги ҳақидаги ҳужжат бошқа шахсга тегишли эканлиги маълум бўлди
Мажбурий ижро бюроси хабарига кўра, жорий йилнинг 12 март куни ижтимоий тармоқларда “Мажбурий ижро бюросининг айрим ходимлари атайлаб 15 кунлик ихтиёрий муддатни ўтказиб, ижро йиғимини ундиришни ўзига касб қилиб олганми?" мазмунида хабар тарқалган.
Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманларараро судининг 04.12.2023 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Наргиза Саидовадан ундирувчи "Яшил Макон Стандарт" МЧЖ фойдасига 1 млн. 843 минг сўм асосий қарз, 330 минг сўмлик давлат божи ва 16,5 минг сўм почта харажати ундириш бўйича ҳужжати Бюронинг Оқдарё туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Оқдарё туман бўлими иш юритувига 22.02.2024 йилда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва қарздорга "Mib Portal” дастури орқали SMS хабарномалар юборилган.
Ижро ҳужжати бўйича қарздорга берилган 15 кунлик ихтиёрий муддат ичида қарздорлигини тўламаганлиги сабабли, унга нисбатан 08.03.2024 йилда амалдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 77, 86-моддаларига асосан 92 минг 982 сўм ижро йиғими қўлланилган.
Мурожаат муаллифи Н.Саидова томонидан қарздорлик бартараф этилганлиги ҳақидаги давлат ижрочига тақдим этган ҳамда ижтимоий тармоқларда ёритган фотосуратда ижро ҳужжатига алоқаси бўлмаган Н.Акбаровага тааллуқли маълумотномани 22 февраль куни тақдим этилган.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 11 март куни қарздор Н.Саидованинг ўғли томонидан +9989722...4 телефон рақами орқали давлат ижрочиси Д.Дониёровнинг Telegram рақамига "Яшил Макон Стандарт" МЧЖ томонидан Н.Саидованинг қарздорлиги тўлиқ тўланганлиги тўғрисида маълумотнома ташлаб берилган ва дастурга бириктирилиб, асосий қарздорлик бартараф этилган.
Ҳозирда эса, ушбу ижро ҳужжати юзасидан қўлланилган 92.982 сўм ижро йиғими ундириш чоралари кўрилмоқда.